Россия бизнеси Telegram ўрнига маҳаллий мессенжерларга ўтмоқда

Россия бизнеси Telegram мессенжеридаги муаммолар фонида фаол равишда муқобил вариантларни қидирмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг профессионал фойдаланувчилари ассоциацияси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг март ойида маҳаллий корпоратив мессенжерларга бўлган талаб 5 баробарга ошган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирда Россия компанияларининг учдан бир қисми ишчи ёзишмалар учун гибрид форматдан фойдаланмоқда. Уларнинг фақат 15 фоизи тўлиқ корпоратив платформаларни жорий қилган бўлса, бизнеснинг ярмидан кўпи ҳали ҳам VPN ва прокси-серверлар орқали ишлашда давом этмоқда.
Оддий фойдаланувчилар асосан хорижий иловаларни, жумладан Туркиянинг "BiP", Кореянинг "KakaoTalk", Хитойнинг "WeChat" ва Американинг "IMO" хизматларини синаб кўрмоқда. Бироқ тадбиркорлар блокировкалар хавфи деярли нолга тенг бўлган маҳаллий ечимларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, компаниялар янгилик каналлари ва ботлар бўлмаган, фақат ишчи мулоқотга мўлжалланган платформаларни афзал кўрмоқда. Муқобил вариантлар сифатида "Яндех Мессенжер" ва "eXpress" етакчилик қилмоқда, аммо айрим платформаларга ёзишмалар кузатилиши хавфи туфайли ҳали ҳам тўлиқ ишонч билдирилмаяпти.
Маълумот учун, 2026 йилнинг март ойида Telegramънинг Россиядаги мобил трафиги 18 фоизга камайган. Мутахассислар хавфсизлик ва барқарорлик нуқтаи назаридан аксарият корпоратив мижозлар барибир маҳаллий тизимларга ўтишини башорат қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!