Россияда МФТ ходими Госуслуги аккаунтларини сотгани учун қўлга олинди

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари «Госуслуги» порталидаги шахсий кабинетларга ноқонуний кириш схемасини фош қилди. Тергов маълумотларига кўра, Кабардин-Болқорияда яшовчи 33 ёшли МФТ ходими интернетда аккаунтларга киришни тиклаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Жиноятчи мижозлардан учинчи шахсларнинг паспорт маълумотлари, СНИЛС ва телефон рақамларини олиб, атиги 300 рубл эвазига бегона аккаунтларга кириш ҳуқуқини тақдим этган. Ушбу схемадан фойдаланган Екатеринбург фуқароси Сургутлик шахс номига рақамли банк картасини расмийлаштириб, уни сотиб юборган.
Фирибгарлар жабрланувчи номига 70 минг рубл миқдорида онлайн кредит олмоқчи бўлишган, бироқ жабрланувчида кредит олишга олдиндан ўрнатилган тақиқ мавжудлиги сабабли бу уриниш муваффақиятсиз якунланган.
Полиция томонидан ўтказилган тинтувлар давомида 20 га яқин мобил телефон, банк карталари ва тергов учун муҳим бўлган бошқа ашёвий далиллар мусодара қилинди. Ҳозирда компьютер маълумотларига ноқонуний кириш ва ўғриликка уриниш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Гумондорлардан бири ҳибсга олинган, иккинчиси эса яшаш жойидан чиқмаслик ҳақидаги тилхат билан озодликда қолмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!