Госуслуги аккаунтини бузиб, ўзга хонадонга 55 кишини рўйхатдан ўтказишди

Назран шаҳрида Россия ИИВ ходимлари фирибгарлик схемасини фош қилди. Когалимлик 37 ёшли аёл номаълум шахслар билан тил бириктириб, Назран шаҳрида яшовчи фуқаронинг Госуслуги порталидаги шахсий кабинетига ноқонуний кириш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Жиноятчилар жабрланувчининг хабарисиз унинг Московская кўчасидаги хонадонига 55 нафар Россия фуқаросини сохта рўйхатдан ўтказган. Тергов маълумотларига кўра, ушбу рўйхатга олиш болалар нафақалари ва ҳомиладор аёллар учун тўловларни ноқонуний олиш мақсадида амалга оширилган.
Фирибгар аёл Госуслуги портали орқали «ижорчилар» номидан мустақил равишда аризалар топшириб келган. Тинтув жараёнида бузиб кириш учун фойдаланилган техник қурилмалар, шунингдек, Доғистон фуқароларига тегишли 45 та паспорт ва ишончномалар топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан яшаш жойидан чиқмаслик тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!