Россиянинг МС-21 самолёти 2027-йилда сертификациядан ўтади

Россиянинг "Ростех" давлат корпорацияси МС-21 ўрта масофали йўловчи самолётини сертификациялаш жараёнини 2027-йилнинг биринчи чорагида якунлашни режалаштирмоқда. Корпорация раҳбари Сергей Чемезовнинг сўзларига кўра, ушбу босқичдан сўнг лайнернинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ишлаб чиқариш режаларига кўра, 2030-йилга бориб ҳар йили 36 та МС-21, 20 та Супержет ва 12 та Ил-114 самолётларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу орқали Россия фуқаролик авиацияси дастурлари доирасида ишлаб чиқариш суръатларини босқичма-босқич ошириш мақсад қилинган.
МС-21 янги авлод самолёти бўлиб, у асосан Boeing 737 ва Аирбус А320 каби хорижий лайнерлар ҳамда эскирган маҳаллий моделлар ўрнини босиш учун мўлжалланган. "Яковлев" компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу самолётнинг базавий версияси 211 нафар йўловчини сиғдира олади.
Самолёт конструкциясининг 40 фоизи композит материаллардан иборат бўлиб, у Россияда ишлаб чиқарилган ПД-14 двигателлари билан жиҳозланган. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу лойиҳа Россия авиация саноатининг технологик мустақиллигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!