Starship янги авлоди парвозга тайёр: Raptor 3 двигателлари ва Starlink макетлари

SpaceX компанияси Starship тизимининг 12-синов парвози 22-майга ўтар кечаси амалга оширилишини эълон қилди. Старт ойнаси Тошкент вақти билан соат 03:30 да очилади ва бир ярим соат давом этади. Компания парвозни жонли эфирда кузатиш учун махсус ҳаволани тақдим этди. Ҳозирча об-ҳаво маълумотлари парвоз учун 55 фоизлик ижобий имкониятни башорат қилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Бу бутунлай янгиланган Starship ва Super Heavy тизимларининг модернизация қилинган Raptor 3 двигателлари билан Старбасе космодромидаги янги старт майдончасидан илк парвози бўлади. Миссиянинг асосий мақсади — тизимнинг кўп марта фойдаланишга мўлжалланган янги конструкцион ўзгаришларини реал парвоз шароитида синовдан ўтказишдир. Super Heavy тезлатгичи Мексика кўрфазига қўнишни амалга оширади, бироқ бу сафар конструкция жиддий ўзгаргани сабабли уни минорадаги механик "таёқчалар" билан тутиб олиш режалаштирилмаган.
Starship юқори поғонаси орбитага 20 та Starlink В3 сунъий йўлдош симуляторларини ва иккита махсус тест йўлдошини олиб чиқади. Ушбу қурилмалар парвоз вақтида кеманинг иссиқлик ҳимоясини суратга олиши керак. SpaceX мутахассислари корпус шикастланганда юкламаларни ўрганиш учун иссиқлик ҳимоя плиталарининг бир қисмини оқ рангга бўяшган ва ҳатто битта плитани атайлаб олиб ташлашган.
Шунингдек, коинотда Raptor двигателини қайта ишга тушириш ва кеманинг мустаҳкамлик чегараларини текшириш учун экстремал маневрлар режалаштирилган. Elon Musk таъкидлашича, Starship В3 версиясининг деярли ҳар бир детали аввалги синовларда қўлланилган В2 моделидан фарқ қилади. Бу инсоният тарихидаги энг улкан ракетанинг янги даврини бошлаб бериши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!