ҲМД Ҳиндистон бозори учун Индус сунъий интеллектли смартфонини тақдим этди

Финландиянинг смартфон ишлаб чиқарувчи ҲМД компанияси ўзининг янги Вибе 2 5G моделини намойиш этди. Ушбу қурилманинг асосий хусусияти унга Ҳиндистоннинг Сарвам стартапи томонидан ишлаб чиқилган Индус чатботининг ўрнатилганидир. Мазкур ҳамкорлик феврал ойида Ню-Деҳлида бўлиб ўтган Индиа AI саммитида эълон қилинган эди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Индус иловаси 105 миллиард параметрли маҳаллий модел асосида ишлайди ва Ҳиндистоннинг 22 та тилини қўллаб-қувватлайди. Тизимнинг ўзига хослиги шундаки, у мулоқот давомида тилларни аралаштириб гапиришни (масалан, ҳинд ва инглиз тиллари орасидаги ўтишларни) тушуниш қобилиятига эга. Ҳозирча илова офлайн режимда ишламайди ва уни махсус тугма орқали чақириш функцияси мавжуд эмас.
ҲМД компаниясининг Ҳиндистон ва АПАК бўйича вице-президенти Рави Кунварнинг таъкидлашича, биринчи босқичда асосий мақсад Индус иловасини истеъмолчиларга етказишдир. Вибе 2 5G смартфони 6,000 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган ва тахминан 114 доллар нархда сотувга чиқади. Келгусида компания Сарвам AI интеграциясига эга оддий тугмали телефонларни ҳам чиқаришни режалаштирмоқда.
ҲМД ҳозирда Ҳиндистон смартфон бозорида кичик улушга эга бўлса-да, тугмали телефонлар сегментида 4 фоизлик кўрсаткич билан етакчилардан бири ҳисобланади. Индус иловаси ҳозиргача 293 минг марта юклаб олинган бўлиб, бу ChatGPT'нинг 43,9 миллионлик кўрсаткичидан анча ортда. Бироқ, арзон қурилмаларга маҳаллий тилларни тушунадиган сунъий интеллектни ўрнатиш стратегияси Ҳиндистон каби лингвистик жиҳатдан ранг-баранг бозорда катта муваффақият келтириши кутилмоқда.
Сарвам стартапи Ҳиндистоннинг энг истиқболли сунъий интеллект лойиҳаларидан бири саналади. Маълумотларга кўра, компания 1,5 миллиард доллар баҳоланган ҳолда 300 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш арафасида турибди. Ушбу ҳамкорлик ривожланаётган бозорларда сунъий интеллект технологияларининг қандай оммалашишини кўрсатувчи муҳим тажриба бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!