Хитойлик тайконавтлар коинотдаги фавқулодда ҳолатдан сўнг Ерга қайтди

2026-йил 21-май куни Хитойнинг уч нафар тайконавти коинотда 210 кунлик рекорд муддатни ўтаб, Ерга муваффақиятли қайтиб келди. Экипаж капсуласи Пекин вақти билан соат 20:11 да Ички Мўғулистондаги Дунфен майдончасига юmsҳоқ қўнишни амалга оширди. Командир Жанг Лу, Ву Феи ва Жанг Ҳонгжангдан иборат гуруҳ “Тиангонг” станциясида одатдаги 180 кунлик муддатдан кўпроқ қолиб, Хитой космонавтикаси тарихидаги энг давомли миссияни якунлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу миссиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, тайконавтлар коинотга учиб кетган кемаларида эмас, балки бошқа аппаратда қайтишга мажбур бўлишди. Ўтган йилнинг октябрь ойида “Шенжоу-21” кемасида станцияга келган экипаж кутилмаган муаммога дуч келган эди. Аввалги “Шенжоу-20” миссияси кемасининг иллюминаторида коинот чиқиндиси урилиши натижасида ёриқ аниқланган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан у билан одамларни қайтариш тўхтатилган эди.
Вазиятни ўнглаш учун Хитой коинот агентлиги фавқулодда чоралар кўрди. “Шенжоу-20” экипажи 14-ноябрь куни янги келган “Шенжоу-21” кемасида Ерга қайтариб юборилди. Станцияда қолган Жанг Лу жамоаси учун эса 24-ноябрь куни учувчисиз режимда “Шенжоу-22” кемаси юборилди. Айнан мана шу кема барча ойлар давомида қутқарув капсуласи вазифасини ўтади ва бугун экипажни соғ-саломат уйига олиб келди.
Миссия давомида 32 ёшли Ву Феи Хитой тарихидаги энг ёш тайконавтга айланди. Экипаж коинотда бўлган вақти давомида уч марта очиқ фазога чиқди ва микрогравитация шароитида физика, биология ҳамда аэрокосмик тиббиёт йўналишларида кўплаб илмий тажрибалар ўтказди. Кетишдан олдин улар станция бошқарувини 24-май куни етиб келган “Шенжоу-23” миссияси аъзоларига топширишди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!