15:00 / 25.04.2017
5 375

Мутахассис: “2 йилдан сўнг ўзбек рекламасининг 70 фоизи интернетга ўтади”

Мутахассис: “2 йилдан сўнг ўзбек рекламасининг 70 фоизи интернетга ўтади”
Ledokol Group медиа агентлиги ташкил топганига 9 йил тўлди. Компания асосчиси ва раҳбари Дилшод Музаффаров Futura нашрига интервью берди. Унда у Ўзбекистон реклама бозорининг ривожи ҳақида маълумот берди деб ёзади Кун нашри.

Музаффаровнинг сўзларига кўра, дунё босқичма-босқич рақамли технологияларга ўтаётгани инобатга олинса, вақти келиб матбуот, ташқи реклама, телевидение каби тушунчалар бўлмайди. Ягона бошқарилувчи ахборот майдони ташкил этилади. Ўзбекистонда эса баъзи тахминларга кўра, 2 йилдан кейиноқ реклама берувчиларнинг 70 фоизи маблағларни интернетга сарфлайди. “ТВ ва digital интеграцияси ортида – келажак”, дейди у.

Шунингдек, унинг қайд этишича, телевизор ҳали-ҳамон Ўзбекистоннинг аксарият аҳолисини қамраб олган. Таъкидланишича, радио ва босма нашларда бир камчилик бор. Томошабин таклиф этилаётган маҳсулотни танлай олмайди. Ахборот асрида эса фойдаланувчи ўзи хоҳлаган нарсани кўришни истайди. Ғарб давлатларида телекўрсатувларни эркин танлов асосида кўриш мумкин. Бундай функциялар Smart-телевизорларда бор. Унинг айтишича, бизнинг телевидение 5-7 йил давомида талабга кўра маҳсулот шаклига ўтади.

Ўзбекистондаги реклама бозори эса тахминан 50 миллион АҚШ долларини ташкил этиши айтилди. Уларнинг атиги 3-5 фоизи интернетга тўғри келади. Қайд этилишича, бозор ўсмоқда, муваффақиятли кейслар пайдо бўлаяпти, интернет фойдаланувчилар сони ҳам ўсиб бормоқда.

Музаффаров унинг ривожини ушлаб турган омиллар ҳақида гапирар экан, шундай деди: “Йирик компаниялар-бюджетлар соҳиблари жуда консервативдир. Улар ўз маркетинг натижаларига эришиш учун телевидениедан фойдаланишга кўникиб қолишган. Ўзлари эса доимий интернет фойдаланувчидир. Соҳа ривожини ушлаб турган омиллар орасида, шунингдек, интернет тезлигининг пастлиги ва электрон тижорат бозорининг эндигина пайдо бўлаётгани ҳам бор. Шароитлар қанчалик яхши бўлса, бозор ҳам шунчалик тез ривожланади. Бозор ҳажми ҳақида алоҳида гапириб ўтиш керак. Улар қанчалик катта бўлса, рақобат ҳам шунчалик кўп ва рекламага талаб ҳам ошади. Ҳозирда бизда бозор у қадар катта эмас, йирик халқаро компанияларининг ваколатхоналари кам, улар эса йирик реклама бизнеси бўйича шартномалар билан таъминлай олиши мумкин. Бизнинг реклама бозоримиз пуллар бўйича аҳолиси 3 миллион кишини ташкил этувчи Арманистон бозорига тенг. Бу эса жуда қайғули”.

Шунингдек, Дилшод Музаффаровнинг сўзларига кўра, икки йилдан бери Google’га таклиф юборилади, бироқ улар ҳозирча бизнинг бозорда қизиқиш кўришаётгани йўқ. “Бу ҳам пулга боғлиқ”, дейди Ledokol Group раҳбари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Мутахассис: “2 йилдан сўнг ўзбек рекламасининг 70 фоизи интернетга ўтади”