Meta контент яратувчилар учун янги сунъий интеллект ёрдамчисини тақдим этди

Meta компанияси Facebook платформасида контент яратувчилар учун мўлжалланган янги сунъий интеллект ёрдамчисини ишга туширганини эълон қилди. Ушбу восита муаллифларнинг контент услуби, самарадорлик кўрсаткичлари ва мақсадларидан келиб чиқиб, уларга шахсийлаштирилган тавсиялар беради. Эндиликда фойдаланувчилар мураккаб график ва жадвалларни таҳлил қилиш ўрнига, AI ёрдамчисидан "Қачон пост жойлашим керак?" ёки "Изоҳларда одамлар нима дейишмоқда?" каби саволларга тезкор жавоб олишлари мумкин. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Янги ёрдамчи чат-бот кўринишида бўлгани учун муаллифлар унга қўшимча саволлар бериб, аудиториянинг вақт ўтиши билан қандай ўзгаргани каби мавзуларни чуқурроқ ўрганишлари мумкин. Тизим нафақат таҳлилий маълумотларни тақдим этади, балки тренддаги мавзулар ва мусиқалардан фойдаланган ҳолда янги контент ғояларини ўйлаб топишда ҳам кўмаклашади. Ҳозирда ушбу функция АҚШ, Канада ва Ҳиндистондаги ижодкорлар учун очиқ бўлиб, келажакда бошқа мамлакатларда ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Ушбу қадам орқали Meta ўз фойдаланувчиларини TikTok ва YouTube каби рақобатчиларга бой бермасликни кўзламоқда. Шунингдек, илова ичидаги AI ёрдамчиси муаллифларнинг ChatGPT каби учинчи томон воситаларига эҳтиёжини камайтириб, уларни Meta экотизимида кўпроқ вақт ўтказишга ундайди. Бу эса платформадаги фаолликни ва фойдаланувчиларнинг жалб қилиниш даражасини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Meta Facebook Реэлс видеолари учун сунъий интеллект ёрдамида таржима қилиш функциясига янги тилларни, жумладан, араб, индонез, француз, тай ва ветнам тилларини қўшди. AI-таржима тизими муаллифнинг овоз оҳангини сақлаб қолган ҳолда нутқни бошқа тилга ўгиради. Шунингдек, лаб ҳаракатларини таржимага мослаштирувчи лип-сйнк функцияси ҳам мавжуд. Компания маълумотларига кўра, ҳозирда ҳар ҳафта ярим миллиарддан ортиқ фойдаланувчи Facebook платформасида AI орқали таржима қилинган видеоларни томоша қилмоқда.





























Изоҳлар 0
…