iPhone 18 Pro қандай кўринишда бўлиши маълум бўлди

Apple’нинг ҳали тақдим этилмаган iPhone 18 Pro смартфони ҳақида янги маълумотлар интернетда тарқалди. Бу сафар қурилманинг эҳтимолий ташқи кўриниши, янги корпус ранглари ҳамда дизайндаги айрим ўзгаришларни акс эттирувчи суратлар оммага тақдим этилди.
Маълумотларга кўра, суратлар Apple’нинг асосий ишлаб чиқариш ҳамкорларидан бири бўлган Tata Electronics компаниясига қилинган киберҳужум ортидан тарқалган. Android Authority хабарига кўра, ҳужум натижасида умумий ҳажми 630 гигабайтдан ортиқ бўлган 200 мингдан зиёд файл сизиб чиққан.
Инсайдерлар тарқатган тасвирларда iPhone 18 Pro учун тайёрланаётган янги ранглар ҳам намойиш этилган. EarlyAppleLeaks маълум қилишича, Apple оммавий ишлаб чиқариш учун тўқ Cherry Red рангини танлаган. Компания бир нечта вариантларни синовдан ўтказган бўлса-да, айнан шу тус якуний қарор сифатида маъқуллангани айтилмоқда.

Шу билан бирга, CMF (Color, Material and Finish) дастури доирасида синовдан ўтказилган Burgundy номли тўқ бинафша рангли корпус ҳам интернетда пайдо бўлди. Аммо манбаларнинг таъкидлашича, ушбу вариант якуний моделлар қаторига кирмаган.
Тарқалган материаллар қурилманинг дизайнига оид аввалги тахминларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, смартфонда олд сенсорлар қайта жойлаштирилиши ҳисобига Dynamic Island янада ихчамроқ ва камроқ кўзга ташланадиган кўринишга эга бўлиши кутилмоқда.
Бундан аввал ҳам интернетда iPhone 18 Pro’нинг йиқилишга чидамлилигини баҳолаш учун ўтказилган ички синовлар видеоси тарқалган эди. Бу эса Apple янги авлод смартфонининг мустаҳкамлиги устида ҳам жиддий иш олиб бораётганини кўрсатмоқда.

Apple ҳозирча сизиб чиққан ушбу маълумотлар юзасидан расмий баёнот бермаган. Шунга қарамай, тарқалаётган суратлар ва техник маълумотлар бўлажак iPhone 18 Pro атрофидаги қизиқишни янада кучайтирмоқда.м






























Изоҳлар 0
…