08:30 / 03.07.2018
5 846

Инновация: Аллергияга қарши қопқонлар, микрочиплар… ва молекуляр таҳлиллар

Инновация: Аллергияга қарши қопқонлар, микрочиплар… ва молекуляр таҳлиллар
Фото: «Scientific Route»
Инновацион ривожланиш вазирлиги молекуляр аллергология ва иммунология бўйича етакчи тиббий университетлар ва университетларнинг халқаро тармоғи (INUNIMAI) билан ҳамкорликда сўнгги русумдаги экологик гулчанги қопқонларини ўрнатиш, аллерген ўсимликлар чанглари концентрациясини кузатиш ва бу ҳақда муайян ҳудуддаги аллергопатологияси бор беморларга маълумот беришни назарда тутувчи аэробиологик мониторинг тизимини яратишга киришилди. Мазкур тизимнинг киритилиши аллергиянинг оғир асоратларини олдини олишга хизмат қилади.

2018 йилнинг 1 сентябрига қадар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида биттадан шундай гулчанги қопқонлари ўрнатилади, кейинчалик эса республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган. Тўпланган маълумотлар эса мунтазам равишда теле-радиоканаллар, телекоммуникация операторлари ҳамда Интернет тармоғи орқали тарқатилади.

Шунингдек, Инновация вазирлиги ўта замонавий биологик микрочипларни қўллаш орқали аллергик касалликларнинг диагностикаси бўйча синов лойиҳаси амалга ошириб, кейинчалик бу чипларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиши назарда тутилган.

Яна бир муҳим вазифалардан бири эса Инновация вазирлиги қошида Халқаро молекуляр аллергология ва иммунология марказини ташкил қилишдир. Эътиборли жиҳати, бу марказ халқаро илмий-амалиёт меъёрларига тўлиқ жавоб берадиган GLP, GSP лабораториялари билан жиҳозланади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Молекуляр аллергология ва иммунология бўйича университетларнинг халқаро тармоғи вице-президенти Виктория Гариб юқори малакали хорижий мутахассис сифатида жалб қилинди. Бу тармоқ 2013 йили Австрия пойтахти Венада тузилган бўлиб, у молекуляр аллергология ва иммунология соҳасида янги технологияларга эга бўлган мутахассисларни тайёрловчи олий таълимдан кейинги таълим билан шуғулланувчи муассаса ҳисобланади.

Профессор Виктория Гарибни мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишига ўз ҳиссасини қўшиши кутилмоқда. У юртимизда аллергик касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ҳамда профилактика қилиш соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмак беради.

Хусусан, молекуляр даражада аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларини амалиётга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурияти пайдо бўлган. Негаки, тиббиёт муассасаларини даволаш-диагностика аллергенлари билан таъминлашдаги камчиликлар тиббиёт амалиётида антибиотиклар, антигистамин ва гормонал дори воситаларининг асоссиз равишда кенг қўлланилишига олиб келмоқда. Бу ўз навбатида иккиламчи касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун: Дунёдаги тиббиёт бўйича энг нуфузли 14 университетни қамраб олувчи тармоқнинг раҳбари — тиббиёт фанлари доктори, профессор Виктория Гариб асли ўзбекистонлик, Тошкент тиббиёт институтининг битирувчиси. У узоқ йиллар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида фаолият юритган. Бугунги кунга келиб эса Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёда соҳа бўйича илмий-амалий ва таълим дастурларига раҳбарлик қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Инновация: Аллергияга қарши қопқонлар, микрочиплар… ва молекуляр таҳлиллар