18:45 / 30.11.2018
4 298

“Ўзбектелеком"...гача қўшимчасидан воз кечди. Энди кафолатланган интернет тезлиги тақдим этилади

“Ўзбектелеком"...гача қўшимчасидан воз кечди. Энди кафолатланган интернет тезлиги тақдим этилади
30 ноябрь куни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мамлакатда интернет тезлигини ошириш борасида амалга оширилган техник ишлар юзасидан ҳисобот анжуманини ўтказди. Тадбир “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтди.

Анжуман бошланишида АКТ вазирлиги ҳамда “Ўзбектелеком” мутасаддилари презентацияларини тақдим этиб, охирги ўн ой мобайнида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Дастлаб АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров ўз чиқишида техник модернизация ишларига тўхталиб ўтди, жумладан, ўтган давр мобайнида 2 мингдан ортиқ оптик толали кабель тизимлари ётқизилгани, 4 мингга яқин 4G база станциялари ўрнатилганини айтиб ўтди.

1 декабрдан интернет хизматларида кузатиладиган асосий ўзгаришлар

Анжуман давомида “Ўзбектелеком” бошқармаси директори Алишер Зуфаров охирги пайтларда компания ҳақида жуда кўп салбий фикрлар билдирилганини тан олди. Айни пайтда у камчиликларни бартараф этиш борасида олиб борилган ишлар самараси тез орада намоён бўлиши, нархлар тушиб, тезлик ошишини таъкидлаб ўтди.

Унинг айтишича, 1 декабрдан интернет хизматлари кўрсатилишида кескин яхшиланишлар бўлади. Маълумотга қараганда, халқаро интернет-каналнинг ўтказиш қуввати ўн баробарга — 110 Гбит/с дан 1200 Гбит/с гача оширилади.

Интернет-трафикни хусусий провайдерларга етказиш нархлари икки баробарга пасаяди. Ҳозирда 1 Гбит/с 169 минг турса, 1 декабрдан бу нарх 85 минг сўмга туширилади.

Шунингдек, “Ўзбектелеком” ўз абонентларига кўрсатиладиган хизмат нархларини кескин туширади. Лимитсиз интернет нархи 2-4 баробарга, интернет-трафик нархи 2-3 баробарга пасаяди.

“Бир кунда ҳаммаси ўзгармайди”. Оддий фойдаланувчилар тезкор интернетдан қачон фойдалана олади?

Turon24 вакили савол-жавоб асносида илгари хусусий провайдерларда бўладиган ўзгаришларга қизиқди. Айтилишича, “Ўзбектелеком” аллақачон мижозлари учун арзонлаштирилган тарифларни ишлаб чиқиб, сайтга жойлаштириб қўйган. Шунингдек, компания хусусий провайдерларга арзонлаштирилган нархларда интернет-трафик етказиб бермоқда. Улар қачон техник имкониятларини керакли даражага етказа олади, қачон нархларни арзонлаштириб, тезликни оширади — бу нарса “Ўзбектелеком”га боғлиқ эмас, – дея таъкидлади Олимжон Умаров. У айни пайтда жараён назорат қилиниб, мувофиқлаштириб борилишини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, тадбирда қатнашган айрим провайдерлар вакиллари хусусий соҳада ўзгаришлар бир кунда бўлиб қолмаслигини тан олди: бунга эришиш учун, юқоридаги муаммолардан ташқари, провайдер ва мижоз ўртасидаги шартномалар қайта кўриб чиқилиши керак.

Кутилаётган асосий ўзгаришлардан бири – тариф пакетларида кўрсатилган тезликларнинг тўлиқ таъминланишидир. Яъни, шу пайтгача тарифларда “тезлик ... Мбит/с гача” дейилган бўлса, бундан буён тарифларда “...гача” қўшимчаси ишлатилмайди — кўрсатилган тезлик тўлиқ таъминланади.

Тадбирдан сўнг Turon24 вакили Олимжон Умаров билан суҳбатлашиб, модернизация учун ишлатилган маблағлар, шунингдек, нархларнинг туширилишидан кўрилган зарар ниманинг ҳисобидан қопланишига қизиқди. Бунга жавобан “Ўзбектелеком” вакили Ўзбекистонга интернет етказувчи давлатлар – Россия ва Қозоғистон сотиб олинаётган интернет ҳажми кескин ортиши муносабати билан нархни туширганини билдирди. Модернизацияга кетган маблағ эса АКТ вазирлиги томонидан киритилган узоқ муддатли инвестиция бўлиб, мамлакатда интернет бозорининг ривожланиши асносида қопланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » “Ўзбектелеком"...гача қўшимчасидан воз кечди. Энди кафолатланган интернет тезлиги тақдим этилади