07:40 / 20.09.2019
3 380

Россия компанияси Тошкент метроси учун 5 та поезд жўнатди

Россия компанияси Тошкент метроси учун 5 та поезд жўнатди
Фото: Трансмашхолдинг
Россиянинг “Трансмашхолдинг” компанияси Тошкент метроси учун 81-765.5/766.5/767.5 моделидаги 5 та поезд таркибини жўнатди. Бу ҳақда холдинг сайтида хабар қилинган.

Холдинг таркибига кирувчи “Метровагонмаш” корхонасида поездларнинг тантанали жўнатилиши маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчиси Ботиржон Асадов, “Тошкент метрополитени” корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов, “Метровагонмаш” бош директори Борис Богатирев иштирок этган.

Поездларни етказишга шартнома 2018 йил октябрда имзоланган. Ҳар бир поезд 4 та: иккита бош моторли, битта оралиқ моторли, битта оралиқ моторсиз вагондан ташкил топган. Вагонларнинг ишлаш муддати 30 йилни ташкил қилади.

Россия компанияси Тошкент метросини ушбу сериядаги метро вагонларига техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва материаллар билан таъминлайди ва хизмат кўрсатувчи ходимларга маслаҳатлар беради.

Таъкидланишича, Тошкент метроси учун мўлжалланган янги поездлар вагонларида бир қатор технологик инновациялар амалга оширилган. Жумладан, вагонлар очиқ ўтиш жойи, аввалги моделларга қараганда кенгроқ эшиклар (1,4 метр) ҳамда эшиклар очилиб-ёпилишидан огоҳлантирувчи ёруғлик тизимига эга.

Янги авлоддаги вагонлар учун шовқинни ютувчи ғилдираклар ишлаб чиқилган. Вагонларни йиғишда экологик тоза материаллар қўлланган. Улар ичида шовқин ва иссиқликдан ишончли ҳимоя таъминланган. Бош вагонларда ногиронлар араваси учун жойлар кўзда тутилган. Салонларда шамоллатиш, ҳавони совитиш ва зарарсизлантириш тизимлари ўрнатилган.

Ушбу моделдаги вагонлар 2017 йил бошидан Москва метроси учун “Москва” номи билан ишлаб чиқарилади. Тошкент метроси учун буюртмачи талабларига мувофиқ янгиланган модификациядаги таркиблар ишлаб чиқилган.

Тошкент метроси ва “Метровагонмаш”ни узоқ йиллик ўзаро манфаатли ҳамкорлик бирлаштиради. Корхона томонидан Тошкент метроси учун 1977 йилда 20 дан кўпроқ поезд етказилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Россия компанияси Тошкент метроси учун 5 та поезд жўнатди