22:59 / 25.12.2019
6 687

Халқни соғин сигир деб ўйламанглар! IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими тўғрисида

Халқни соғин сигир деб ўйламанглар! IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими тўғрисида
Айрим ислоҳотларни кўриб, мақсад фойда келтириш эмас, балки халқни соғин сигирдек соғишмикин, деб ўйланиб қолади одам.
Масалан, телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимидан балки эзгу мақсадлар кўзлангандир, аммо уни амалга ошириш тартиби халқни қийнашдан нарига ўтмади.

Биринчидан, барча мобил қурилмаларни автоматик рўйхатдан ўтказиш учун жуда қисқа вақт берилди. Гарчи ҳаммаёқда 1 апрелдан 1 ноябргача дейилган бўлса-да, лекин аслида IMEI-кодларни рўйхатга олиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси 17 сентябрда тасдиқлади. Яъни 1 ноябрь деган муддат халққа салкам октябрда маълум бўлди. ОАВларда асосий тарғиботлар ҳам октябрдан бошланди.

Бу дегани, халққа ишлатилмаётган телефони ёки иккинчи сим-картасини автоматик рўйхатдан ўтказиш учун тахминан 1 ой вақт берилди. Бу ноинсофлик!!!

Иккинчидан, 1 ноябрдан ариза орқали рўйхатдан ўтишда жуда кўплаб муаммолар пайдо бўлмоқда. Айниқса, 2 та сим-картали телефон ишлатадиган жуда кўпчилик янгиликлардан кеч хабар топганининг эвазига (тайинли тарғибот ҳам қилишмади) ҳозир боши қотган.
Сабаби 1 ноябрдан кейин иккинчи слотни рўйхатдан ўтказиб бўлмаяпти, гарчи 1та IMEI-код базада бўлса ҳам, рад жавоби келмоқда. Рўйхатдан ўтиш учун хорижга чиқиб келиш керак эмиш. «Ҳеч бўлмаса Қозоғистонга чиқиб келинг, кейин рўйхатдан ўтказамиз», дейишмоқда.

Бу нима аҳмоқгарчилик??? Нега бу ҳақида аввал огоҳлантиришмаган?

Учинчидан, рўйхатдан ўтказиш рад этилаётганига сабаб — божхонани четлаб ўтиб, яширин йўллар билан олиб кирилгани бўлса, унда нега бунинг жабрини халқ тортиши керак? Чегарачилар, божхоначилар ёки яширин йўлларга шароит яратиб берган коррупционерларга ҳеч нарса бўлмасдан, яна оддий халқ сарсон бўлиши керакми?
Ахир ўша телефонларни пешона тери билан топган пулларига расмий ишлаб турган дўконлардан сотиб олишган-ку. Нега шунча пайт дўконларда ноқонуний телефонларни сотишга йўл қўйганлар жазоланмасдан, жабрдийда халқ товон тўлаши керак? Нима учун??? Нима учун???

Тўртинчидан, хўп, бўлар иш бўлди, дейлик. Энди нима қилиш керак? Муаммони ечиш учун бирор қонуний ечим борми? Минглаб фуқаролар рўйхатдан ўтказиш учун хорижга чиқиб кела олмайди барибир. Халққа безбетларча «четга чиқиб келинг, йўқса иложи йўқ» демасдан бирор ечим бермайсизларми?

Бешинчидан, биламизки, 1 декабрдан рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлади. Майли, текин бўлсин демайман, аммо нега нарх бунчалик қиммат? Бирор асоси борми? Шунчаки 1та кодни тармоққа киритиб қўйиш учун 44 минг 600 сўм олишга уялмайсизларми?
Боз устига, агар телефон 2та сим-картали бўлса, унда ҳар бири учун алоҳида тўлов қилинади, демак, 89 минг сўм бўляпти. 30 кундан ўтиб рўйхатга олинса, 110 минг сўм бўлади. Нега 10 минг сўм эмас, нега 20 минг сўм эмас? Халқни жуда бооооооой деб ўйлайсизлар шекилли?

Пуллари ошиб-тошиб кетяпти, қаерга қўйишни билмаяпти, дея тасаввур қиласизларми?
Халқ тўлаётган солиқлар қаёққа кетяпти унда? Бу тизимдан мақсад халққа фойда бўлиш дейишмоқда, ахир фойдали тизимлар ишлаб чиқиш давлатнинг мажбурияти эмасми? Бизнинг солиқларни шунинг учун оляпсизларку. Халққа икки марта солиқ солиш (ва қиммат солиқ) инсофсизлик ахир!

Халқ соғин сигир эмас, шуни унутиб қўймайлик, илтимооооос...
Ноябрь ойи деярли тугади. Аммо соҳа мутасаддилари юзага келган муаммоларни ечиш учун зиғирча ҳаракат қилмади, халққа тушунтириш бермади, тарғибот олиб бормади. «Нега рад қилинганини билмадим, бу муаммо сеники, менга нима» деган принципда иш олиб борилди. 1 кун ўтиб эса, рўйхатга олиш пуллик бўлади. Халқ яна пул тўлашни бошлайди...

Тўлайверади, тўлайверади, тўлайверади...
Сайлов билан бўлиб ҳамма IMEI кодлар муаммосини унутди шекилли. Ваҳоланки, пухта ўйланмаган ва мантиқан асослантирилмаган тизимнинг яратилиши ортидан минглаб фуқароларимизнинг телефони 1 январдан ишламай қолиши мумкин. Тасаввур қиляпсизми?

«Барча танқидларга жавоб бериляпти» дейилгандай бўлганди шекилли. Аммо мана бу постга ҳали бирорта расмий жавоб берилмади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг хўжакўрсин учун ёзган баёнотини (https://t.me/xushnudbek/3741) ҳисобга олмаганда, албатта. Аммо бу баёнот зиғирча қийматга эга эмас.
Боз устига, биз муаммо кўламини ҳисобга олиб, шахсан вазир иштирокида матбуот анжумани талаб қилган эдик. Аммо бу ҳам бўлмади. Вазир жанобларининг халқ учун ажратадиган қимматли вақти йўқми ёки?
Ким бўлса ҳам мундоқ тушунтириб берсин, иккита сим-картали телефонининг 2 та кодини шундоқ базага киритиб қўйиш учун халқ нимага 100 минг сўм пул тўлаши керак? Нимага?..

Хушнудбек Худойбердиев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Халқни соғин сигир деб ўйламанглар! IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими тўғрисида