00:30 / 09.04.2020
2 251

Нейрон фаоллигини тўғридан-тўғри матнга айлантириш имконини берадиган сунъий онг яратилди

Нейрон фаоллигини тўғридан-тўғри матнга айлантириш имконини берадиган сунъий онг яратилди
Фото: Google Photos
Калифорния университети олимлари миядаги нейрон сигналларини тўғридан-тўғри матнга айлантириш имконини берадиган сунъий интеллект тизимини яратди. Бу ҳақидаги тегишли илмий мақола 30 март куни Nature журналида эълон қилинди.

Тасаввур қилинг, миянгизда ҳосил бўлган фикр тўғридан-тўғри матн кўринишида бирор матн муҳарририда, масалан, SMS ёки мессенжерингизнинг матн киритадиган жойида пайдо бўлса. Бу тез орада имконли бўладиган гапга ўхшаб турибди.

Маълум қилинишича, олимлар тўрт нафар кўнгиллининг миясига махсус электрод имплантлар жойлаштирган ва уларга қоғозга ёзиб қўйилган 50 хил гаплардан бир нечтасини кўп марта қайта-қайта такрорлаб, овоз чиқариб ўқишни таклиф қилган. Кўнгиллилар гапларни ўқиётган пайтда олимлар уларнинг миясидаги нейронлар фаоллигини кузатиб турган.

Нейрон сигналларидан олинган ахборот махсус машинавий таълим алгоритмига келиб тушган ва у орқали сунъий интеллект тизими ҳар бир овоз чиқариб ўқилган матнга мос нейрон фаоллигини муайян рақамли кодланган тарзда ўзи учун қайд қилиб борган.

Тизим ҳаммасини тўғри бажараётганини текшириб кўриш учун у қайд этган нейрон фаоллигига оид рақамли маълумотлар билан айнан шу матннинг овоз кўринишида ёзиб олингани, яъни товуш файлининг рақамли таҳлили таққосланади. Ушбу иккала соҳа ўзаро мос келса, тизим бояги нейрон фаоллиги сигналларини матнга ўгиришни бошлайди.

Олимларнинг айтишича, тизим дастлабки тажрибаларда умуман маъносиз сўзларни ёзиб чиқарди. У иштирокчилар ўқиган матнга мутлақо мос келмайдиган «ақай-бақайларни» бера бошлади. Лекин иштирокчиларга бир матнни бир неча қайта-қайта такроран ўқитишнинг боиси ҳам шу чалкашликни тобора бартараф этиш эди.

Айтилишича, сунъий интеллект тизими борган сари сўзлар занжирининг қандай ўзаро боғлангани ва қайси сўз қайсинисидан кейин ёки аввал келиши қонуниятларини ўзи учун аниқлай бошлади. Вақт ўтиши билан эса нейрон сигналлардан ўқиб олинган матн тобора асл матн билан катта аниқлик касб этиб, деярли бир хил натижа берадиган бўлди.

Кейин эса олимлар аввалдан тайёрланган сўзларни эмас, балки кўнгиллиларнинг ўзи ўйлаётган нарсасини тўғридан-тўғри матнга айлантиришга киришди. Бунда ҳам тизим кўплаб хатоларни бериш билан иш бошлади.

Вақт ўтиши билан эса тизимга қанча кўп янги маълумотлар келиб тушиб, йирик база шакллана бошлагач, унинг хатолик кўрсаткичи атиги 3 фоизгача пасайди. Бу катта ҳажмдаги нутқни матнга айлантириш билан шуғулланадиган профессионал транскрпциячиларга хос бўлган ўртача 5 фоиз хато кўрсаткичидан яхшироқ демакдир.

Лекин олимларнинг тан олишича, тизим ўзи ўқитилган (базасида мавжуд) нейрон сигналларига асосланиб сўзларни пайқайди ва матн тузади, холос. Масалан, у ҳозир ўша ўргатилган 50 хил гапдан келиб чиқиб нейрон сигналларини матнга ўгиряпти.

Тадқиқот ҳаммуалифларидан бири доктор Жозеф Макиннинг фикрича, сунъий интеллектга асосланган бу тизим вақт ўтиши билан тил қонуниятларидан келиб чиқиб миядаги нейрон фаоллигини идентификациялашга ўрганиб боради. Унинг фикрича, бу тадқиқотлар мазкур йўналишда энг дастлабки қадамлар бўлиб, ҳали аниқ натижалар ҳақида гап очишга жуда эрта.

«Биз ҳали энди йўлнинг бошланишида турибмиз», — дейди Макин. У фикрини нутқ орқали ифодалай олмайдиган касалликларга эга шахслар учун, хусусан, loked-in синдромига чалинган беморлар учун ушбу тизим вақти келиб яхши дастёр бўлишига умид билдирди. Шунингдек, буни ҳали тўлақонли нутқ-матн синтезатори дейишга ҳам шошилмаслик кераклигини ҳам таъкидлади.

Тадқиқотларда қатнашмаган, лекин ушбу соҳанинг кўзга кўринган мутахассисларидан бири бўлган олим Маастрихт университети мутахассиси Кристиан Херфф эса мазкур илмий ишга юқори баҳо берар экан, «Албатта, бу одамлар ‘Ok Google’ дейиш орқали ҳам ўз нутқини матнга кўчириши мумкин, лекин тадқиқотда товушни эмас, айнан миядаги фикрни матнга кўчириш ҳақида гап бормоқда», деб фикр билдирди.

Бу, биринчи навбатда, муайян касалликларда беморларга фикрини ифодалашга имконият яратишни кўзда тутадиган амалий тадқиқотдир. Гап ўзгаларнинг фикрини ўқиш ҳақида бораётгани йўқ.

Доктор Херффнинг алоҳида айтишича, ушбу илмий ишдаги амалий босқич учун одам миясига махсус имплантант электродлар жойлаш керак бўлади. Уларсиз сунъий интеллект маълумотлар йиға олмайди. Қолаверса, имплантлар миянинг фақат нутққа жавобгар соҳасидаги нейрон фаоллигини қайд қилади. Херфф инсоннинг ички овози ва нутқ бошқа-бошқа нарсалар эканига урғу бериш билан фикрини якунлади.

Музаффар Қосимов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Нейрон фаоллигини тўғридан-тўғри матнга айлантириш имконини берадиган сунъий онг яратилди