17:53 / 05.10.2021
1 833

Facebook ижтимоий тармоқда кузатилган глобал носозликлар сабабини маълум қилди

Facebook ижтимоий тармоқда кузатилган глобал носозликлар сабабини маълум қилди
Фото: Getty Images
Facebook ижтимоий тармоқларида бир неча соат давом этган глобал узилишларга магистрал роутерлар конфигурациясининг хато ўзгартирилиши сабаб бўлган. Носозликлар оқибатида фойдаланувчиларнинг маълумотларига зарар етмаган дея маълум қилинди Facebook Engineering веб-сайтида.

«Муҳандисларимизнинг аниқлашича, маълумотлар марказлари ўртасида тармоқ трафигини мувофиқлаштирувчи магистрал роутерлар конфигурациясининг ўзгартирилиши алоқа узилишига сабаб бўлган муаммоларни келтириб чиқарган. Тармоқ трафигининг бузилиши маълумотлар марказларимизнинг алоқа йўлларига бирин-кетин таъсир кўрсатган, натижада хизматларимиз тўхтаб қолган»,— дейилади хабарда.

Компания, шунингдек, узилишларнинг асосий сабаби кундалик операцияларда фойдаланиладиган кўплаб ички ускуналар ва тизимларга ҳам таъсир қилганини, бу эса компания мутахассисларига муаммони тезда аниқлаш ва тузатишни қийинлаштираётганини таъкидлади.

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқ ва унинг сервислари ишидаги узилишлар учун фойдаланувчилардан узр сўради. «Facebook, Instagram, WhatsApp ва Messenger яна онлайн режимга қайтди. Мен бугунги узилишлар учун узр сўрайман, яқинларингиз билан алоқада қолиш учун бизнинг хизматларимизга қанчалик ишонганингизни биламан», — деб ёзади Цукерберг.

Facebook’нинг техник ишлар бўйича директори Майк Шрепфер ҳам узр сўради. У «100 фоизгача» тикланиш «бироз вақт» олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

4 октябрь куни бутун дунёда Facebook ҳамда унга тегишли Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқлари 6 соатдан кўпроқ вақт ишламай қолди. The New York Times маълумотларига кўра, Facebook’да компания ходимлари ўзаро мулоқот қиладиган ички сервислардан фойдаланишнинг ҳам имкони бўлмаган; компания ходимлари офис биноларига киролмай қолган, чунки эшиклар паролини очадиган рухсатномалар ҳам ишламаган. 5 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 3:00 да компаниялар аста-секин баъзи функциялар тикланаётганини эълон қилди.

Facebook ишламай қолгандан сўнг, фойдаланувчилар бошқа йирик сервисларнинг ёмон ишлаётганидан шикоят қила бошлаган. Хусусан, Twitter, Google, YouTube, Telegram, TikTok, ВКонтактеъга кириш қийинлашган; шунингдек, баъзи фойдаланувчилар интернет ишлаши секинлашгани ҳақида шикоят қилган. Бу муаммолар глобал хусусиятга эга бўлмаган, улар асосан, Facebook’ка кириш имкони йўқолгани туфайли бошқа мессенжер ва сервисларга ўтаётган фойдаланувчилар сонининг кескин кўпайиши билан боғлиқ бўлган.

Узилишлар туфайли Facebook акциялари 5 фоиздан кўпроққа арзонлашди. Компания асосчиси Марк Цукерберг Forbes маълумотларига кўра, реал вақтда тахминан 6 миллиард доллар йўқотди ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида бешинчи ўриндан олтинчи ўринга тушиб кетди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Facebook ижтимоий тармоқда кузатилган глобал носозликлар сабабини маълум қилди