Тошкентда уйлар нархи ўзгарди: энг қиммат ва арзон туманлар

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозорида бир ой давомида кескин нарх тебранишлари кузатилмади. Шу билан бирга, айрим туманларда уй-жойлар қиймати озроқ ошган бўлса, баъзи ҳудудларда эса пасайиш қайд этилди. Бу ҳақда Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази маълум қилди.
Марказий электрон савдо платформаларидаги эълонлар таҳлилига кўра, 1 июль ҳолатида кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг ўртача нархи ҳар бир квадрат метр учун 16,5 миллион сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз юқори.
Энг қиммат хонадонлар Шайхонтоҳур туманида қайд этилди. Бу ерда бир квадрат метрнинг ўртача нархи 25,3 миллион сўмга етган. Кейинги ўринларда Миробод (23,2 млн сўм) ва Яккасарой (20,5 млн сўм) туманлари жойлашди.
Энг арзон уй-жойлар эса Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилди. Ушбу ҳудудларда бир квадрат метрнинг ўртача нархи 11–11,5 миллион сўм атрофида бўлган.
Хусусий уйлар бозорида ҳам нархлар деярли барқарор сақланди. Бир сотих ернинг ўртача қиймати бир ой ичида 912,9 миллион сўмдан 916,9 миллион сўмгача кўтарилди.

Бу йўналишда энг қиммат ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани бўлиб, бир сотих ернинг ўртача нархи 1,72 миллиард сўмни ташкил этди. Кейинги ўринларда Яккасарой ва Юнусобод туманлари қайд этилди. Энг арзон хусусий уйлар эса Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, бир ой ичида Сергели ва Чилонзор туманларида хусусий уйлар нархида енгил пасайиш кузатилди.






























Изоҳлар 0
…