12:33 / 04.06.2024
200

Президент фармони: Бир нечта йирик корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади

Президент фармони: Бир нечта йирик корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат билан 2025 йил 1 январдан бошлаб 4 та, 2026 йил 1 июлдан бошлаб 2 та йирик корхонага қонунчилик билан тақдим этилган махсус ҳуқуқлар бекор қилинмоқда.

Фармонга кўра, қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус ҳуқуқлар бекор қилинмоқда:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

“Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;

“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;

“Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;

“Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

б) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:

“UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;

“Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

Ҳужжат билан 2025 йил 1 январдан бошлаб:

қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади;

мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб биржа савдоларида сотиб олинган мис катоди ва мис катанкасини экспорт қилишга чекловлар бекор қилинсин. Бунда мис катоди ва мис катанкаси экспорти қуйидаги шартлар асосида амалга оширилиши белгиланмоқда:

экспортга йўналтириш мақсадида биржа савдоларида харид қилинган мис катоди ва мис катанкаси харид нархига белгиланган чегирма ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан тўловни кечиктириш имтиёзи қўлланмайди;

мис катоди ва мис катанкасини “экспорт” божхона режимига жойлаштириш учун унинг экспортга йўналтирилган ҳажмига нисбатан биржа савдолари харид нархига қўлланган чегирма суммаси қайтарилганлиги ҳамда тўловнинг кечиктирилган қисми тўлиқ тўланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг маълумотномаси тақдим этилиши шарт.

Фармонда Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланяпти:

2024 йил 1 октябрдан бошлаб босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темирйўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиётини бекор қилиш;

темирйўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифларни 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштириш.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинадиган корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдордаги преференцияси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган электротехника ва электромаиший маҳсулотларга нисбатан 20 фоизгача нарх преференцияси бекор қилинади.

Қабул қилинган фармонга муносабат билдирар экан, “Биз Жаҳон савдо ташкилотининг энг асосий шартларидан бири – барча учун тенг ва эркин рақобат шароитини яратиш принципига амал қилган ҳолда, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш борасида қарори қатъий эканини яна бир бор намойиш қилмоқдамиз”, деб ёзди президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент фармони: Бир нечта йирик корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинади