
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси натижаларини эълон қилди.
Индекс 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантириб келинмоқда. Бу йилги баҳолашда жами 98 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган бўлиб, улардан 20 таси вазирлик, 16 таси агентлик, 10 таси қўмита, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 22 таси акциядорлик жамиятлари ва 9 таси банклардир.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Баҳолаш тоифалари:
- 71 баллдан 100 баллгача — “яшил”
- 55 баллдан 71 баллгача — “сариқ”
- 55 баллдан паст бўлганда — “қизил” тоифада баҳоланган.
Баҳолаш натижаларига кўра:
- 50 та давлат органи “яшил” (2023 йилда 31 та),
- 35 таси “сариқ” (2023 йилда 43 та)
- 13 таси “қизил” (2023 йилда 29 та) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
Жорий йил баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган давлат идоралари кўлами 21 фоизга кўпайиб, “қизил” тоифадагилар 15 фоизга (ижобий ўсиш кўрсаткичлари бўйича) камайган. Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 70 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 8 баллга ошган. Бу эса давлат идоралари ва ташкилотларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида ижобий ўзгаришлар мавжудлигидан далолат беради.
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари қуйидагиларда:
- “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (91 балл),
- Солиқ қўмитаси (90 балл),
- “Ўзавтосаноат” АЖ (89 балл),
- “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (89 балл).

Энг юқори ижобий ўсиш эса қуйидагиларда қайд этилган:
- Uzbekistan Airways АЖ (+42 балл),
- Транспорт назорати инспекцияси (+46 балл),
- Спорт вазирлиги (+47 балл),
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (+52 балл).
Республика даражасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (32 балл), Гидрометеорология хизмати агентлиги (45 балл), Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (50 балл) ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (51 балл) “қизил” тоифада баҳоланган.


Вазирликлар орасидаги кўрсаткич
Очиқлик индексида вазирликлар орасидаги энг юқори натижани Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қўлга киритган. Энг паст кўрсаткич Ташқи ишлар вазирлигига тўғри келган. Вазирликларнинг ҳеч бири “қизил” тоифага кирмаган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ҳокимликлардаги кўрсаткичлар
Очиқлик индекси бўйича Хоразм, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилоятларида юқори кўрсаткич қайд этилган (яшил тоифа), Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги сариқ тоифада, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон ҳокимлиги эса қизил тоифада қайд этилган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Очиқлик индекси ҳақида
Очиқлик индекси давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган. Уларнинг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:
- давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
- давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
- ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
- Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
- оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
- коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
- жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Ушбу индекс Ўзбекистон президентининг 2022 йил 14 июндаги фармони билан мамлакатда жорий этилган эди. Ўша йилнинг августида президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солиш белгиланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар