date

UzAuto Motors’га янги бош директор: Янош Ковачга катта ишонч билдирилди

UzAuto Motors’га янги бош директор: Янош Ковачга катта ишонч билдирилди
"UzAuto Motors" АЖда муҳим ташкилий ўзгариш амалга оширилди — компания бош директори лавозимига тажрибали мутахассис Янош Ковач тайинланди. Мазкур қарор “UzAuto Motors” АЖ Кузатув кенгашининг йиғилишида қабул қилинди ва расмий тарзда эълон қилинди.

Янош Ковач сўнгги йилларда компаниянинг Кузатув кенгаши аъзоси ва аудит қўмитаси аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борди. Энди эса у компания раҳбарлигига келиб, ўзининг бой тажрибаси ва билимларини тўлиқ ишга солиш имкониятига эга бўлади.

Янги бош директор Венгрияда туғилган. У муваффақиятли касбий йўлини Будапешт техника университетида автомобилсозлик технологиялари бўйича муҳандислик мутахассислигини тамомлагандан сўнг бошлади. Янош Ковач ўз касб йўли давомида бир қатор халқаро автомобиль саноати гигантларида — General Motors, Opel, GM Powertrain Uzbekistan, UzAuto Peugeot Citroën Automotive ва VinFast Automotive каби йирик компанияларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Янош Ковач, айниқса, сифатни бошқариш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, автомобил заводлари бошқаруви, инновация ва юқори технологик ечимларни жорий этиш соҳаларида катта тажрибага эга. Унинг раҳбарлигида UzAuto Motors замонавийлашиш, рақобатбардошликни ошириш ва янги босқичга чиқишга интилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, компанияни 2021 йил августидан 2024 йил охиригача швециялик Бо Андерссон бошқарган. Кейинчалик бош директор вазифасини бажарувчи этиб “Автоойна”нинг собиқ раҳбари Одилжон Бастамқулов тайинланган эди.

Ҳозирги кунда UzAuto Motors’нинг юқори турувчи ташкилоти — “Ўзавтосаноат” АЖга 2023 йил мартидан бери Шавкат Умрзоқов раҳбарлик қилиб келмоқда.

Янги раҳбар билан UzAuto Motors’дан янги янгиликлар, технологик инновациялар ва сифатли ўзгаришлар кутилаётгани сир эмас. Компания Ўзбекистон автомобиль бозорининг асосий локомотиви сифатида янги даврни бошлаб, ички ва ташқи бозорда рақобатбардошликни янада оширишга интилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » UzAuto Motors’га янги бош директор: Янош Ковачга катта ишонч билдирилди
-->