date

Президент йўл ва транспорт соҳасидаги ҳолатни қаттиқ танқид қилди

Президент йўл ва транспорт соҳасидаги ҳолатни қаттиқ танқид қилди
16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев йўл инфратузилмаси ва мамлакатдаги транспорт бошқаруви бўйича мавжуд вазиятни кескин танқид остига олди. Давлат раҳбари сўзларига кўра, сўнгги етти йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга ажратилган 61 триллион сўм маблағнинг асосий қисми халқаро ва республика аҳамиятига эга йўлларга сарфланган. Бироқ, шу йўлларда содир бўлаётган ўлим билан боғлиқ автоҳалокатлар сони жуда юқори — қайд этилишича, уларнинг 75−80 фоизи айнан мазкур йўлларда рўй беряпти.

Президент йўлларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт оқимини самарали ташкил этиш бўйича ишларда ҳали ҳам катта муаммолар борлигини таъкидлади. Жамоат транспорти сифати, катта шаҳарлардаги тирбандлик ва йўллардаги ахборот технологиялари қониқарсиз эканлиги кўпчилик фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда яна бир муҳим муаммо сифатида йўлларда ўрнатилган камералар дислокацияси тилга олинди. Президент ушбу камералар фақат қоидабузарликларни қайд этиб, фуқароларга жарима ёзиш учун ишлаётганини, аслида эса улар транспорт оқимини бошқариш, тирбандлик ва авариялар сонини камайтиришда самарали восита бўлиши кераклигини уқтирди.

Шунингдек, чорраҳалардаги йўл чизиқлари ва белгиларини аниқлаштириш, светофорларни “ақлли бошқарув” тизимига ўтказиш ишларининг секин кетиши ҳам танқид остига олинди. Пойтахтда транспорт ҳаракати сунъий интеллект ёрдамида тартибга солиниши бўйича тақдимот ўтказилганига анча бўлганига қарамай, амалда ҳеч қандай натижа йўқлигига эътибор қаратилди.

Президент таъкидлаганидек, бу соҳадаги ишларни замонавий талаблар ва аҳоли эҳтиёжларига мос равишда қайта ташкил қилиш, транспорт соҳасидаги ислоҳотларни тезлаштириш ва одамлар хавфсизлигини таъминлаш давлат учун энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент йўл ва транспорт соҳасидаги ҳолатни қаттиқ танқид қилди