date

Туризмда беқиёс ўсиш: 10 миллион сайёҳ, миллиардлаб даромад

Туризмда беқиёс ўсиш: 10 миллион сайёҳ, миллиардлаб даромад

Ўзбекистонда туризм соҳаси сўнгги саккиз йил ичида улкан ўсишга эришди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази олиб борган таҳлилларга кўра, мамлакат 2017–2024 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича қатор ислоҳотларни амалга оширди. Марказнинг бош илмий ходими Афзал Артиков таъкидлаганидек, бу даврда туризм иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айланди.

Аввало, визавий тартиблар соддалаштирилди, инфратузилма янгиланди ва соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг натижаси дарҳол кўрина бошлади: хорижий туристлар сони қарийб тўрт бараварга кўпайди, хизматлар экспорти эса 10 баробардан ортиқ ўсди. Шу билан бирга, соҳада иш ўринлари икки баробарга ошиб, 391 минг кишини бандлик билан таъминлади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон бренди халқаро майдонда фаол тарғиб қилинди. Хитой, Европа ва Шимолий Америкада йирик компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Самарқандда БМТнинг Туризм бўйича Бош ассамблеяси, Хивада эса “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” анжумани ўтказилиши мамлакат имижини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, “Тошкент City”, “Самарканд туризм маркази”, “Афсоналар водийси” каби йирик мажмуалар фойдаланишга топширилди.

2024 йил натижалари ҳам туризмдаги сакрашни яққол намоён этди: мамлакатга келган хорижий сайёҳлар сони 10,1 миллионга етди, ички туризм оқими эса 22 миллиондан ошиб кетди. Бу даврда туризм экспорти умумий ҳисобда 10,7 миллиард долларни ташкил этди.

Мутахассислар фикрича, бундай кўрсаткичлар туризмни яқин йилларда иқтисодий ўсишнинг “локомотиви”га айлантириши мумкин. Чунки саёҳат индустрияси нафақат янги иш ўринлари яратади, балки мамлакатни халқаро майдонда янада танитади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Туризмда беқиёс ўсиш: 10 миллион сайёҳ, миллиардлаб даромад