date

Президент сўзидан кейин ҳоким контейнер уйга кўчди

Президент сўзидан кейин ҳоким контейнер уйга кўчди

Наманган вилоятининг Норин туманида Президент Шавкат Мирзиёев танқидидан сўнг кутилмаган қарор қабул қилинди. Туман ҳокими Жўрабек Нурматов аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш ва муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида Шўрариқ (янги номи Янги Наманган) маҳалласига ўрнатилган контейнер уйда яшашни бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Президентнинг 16–17 сентябрь кунлари Наманганга амалий ташрифи бутун ҳудуд ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов раҳбарлигида тегишли ўринбосарлар ва мутасаддилар маҳалланинг қиёфасини тубдан янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ишларга киришган.

Дастлабки учрашувларда нуронийлар ва аҳоли вакиллари иштирокида бўш турган бинолар ўрнида саноат зонаси ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, йўл ва инфратузилмани тубдан янгилаш режалари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, Янги Наманган ва атрофдаги 6 та маҳалланинг барқарор ривожланиши учун мастер режа ишлаб чиқиш жараёни йўлга қўйилган. Бу ишлар изчил мувофиқлаштирилиши учун махсус вилоят штаби ҳам ташкил этилган.

Президент Мирзиёевнинг кутилмаган ташрифи маҳалланинг ҳақиқий ҳолатини очиб берди. Ҳудудда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, улар орасида 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз ва 157 нафар меҳнат миграциясида юрган фуқаро борлиги маълум қилинди. Давлат раҳбари маҳалланинг чанг босган кўчаларини, бўш тургaн биноларини кўздан кечирди ва аҳоли фикрларини эшитиб, мутасаддиларга қатъий кўрсатмалар берди. У ҳатто “туман ҳокими зарур бўлса шу ерда ётиб қолиши керак” деб урғулаган эди.

Шундан сўнг Норин тумани ҳокими Нурматовнинг контейнер уйга кўчиб кириши унинг ишга бўлган муносабатини амалий намойиш сифатида қабул қилинмоқда. Мутахассислар бу қарор маҳалладаги ислоҳотларни тезлаштириш, муаммоларни жойида ҳал қилиш ва аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш имконини яратишини таъкидлашмоқда.

Ҳокимнинг контейнер уйдаги ҳаёти символик аҳамиятга эга бўлиб, давлат раҳбарининг “масъул шахслар халққа яқин бўлиши шарт” деган талабининг амалдаги ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент сўзидан кейин ҳоким контейнер уйга кўчди