
Ўқиш билан бирга ижарада яшайдиган талабалар учун қувонарли янгилик бор. Энди улар ойлик ижара тўловининг маълум қисмини давлат томонидан компенсация тариқасида қайтариб олиш имкониятига эга бўлади. Бу тизим орқали ёшлар ижара харажатларини енгиллаштириш ҳамда моддий юкни камайтириш мақсад қилинган.
Энг муҳими — эндиликда бу жараён учун университетга ёки банкка бориш талаб этилмайди. Барча амалиётлар тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади.
Бунда талабалар қуйидаги босқичларни бажаришлари кифоя:
my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари порталига кириш;
“Давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш” хизмати орқали ариза топшириш;
ҳужжат тақдим этиш талаб этилмайди — тизим маълумотларни автоматик тарзда текширади.
Агар ариза кўриб чиқилиб, маъқулланса, Тошкент шаҳрида яшовчи талабалар БҲМнинг бир баравари миқдорида, вилоятларда истиқомат қилувчи талабалар эса БҲМнинг ярми миқдорида компенсацияга эга бўлади.
Маълумотга кўра, аризалар ҳар ойнинг 1-7 кунлари мобайнида қабул қилинади. Тизим орқали мурожаат қилган талабаларнинг ҳисоб рақамларига маблағлар тўғридан-тўғри ўтказилади.
Мазкур ташаббус ёшлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.