
Тошкент шаҳрида сўнгги кунларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши кескин ошиб, аҳолида жиддий хавотир уйғотмоқда. Экологик вазиятнинг оғирлашгани шаҳар ва вилоят миқёсида шошилинч чоралар кўришни талаб қилди.
Шу муносабат билан, Администрация раҳбари топшириғига асосан Экология вазирлиги мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида кеча ярим тунда кенг кўламли рейд тадбирлари бошланди. Тадбирлардан мақсад — ҳавога зарар етказаётган омилларни аниқлаш, ҳаво сифатини яхшилаш ва экологик меъёрларга риоя этилишини таъминлашдир.
Рейдлар давомида иссиқхоналар, турли турдаги печлар ҳамда атмосферага зарарли моддалар чиқараётган корхоналар иш фаолияти текширилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан аниқланаётган қоидабузарликларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кенг кўламли экологик назорат ва профилактик чора-тадбирлар атмосфера ҳавосини соғломлаштиришга қаратилган бўлиб, жорий жараён давом эттирилади. Тошкентда экологик ҳолатни барқарорлаштириш мақсадида олиб борилаётган бу ҳаракатлар аҳоли саломатлиги ва яшаш сифати учун муҳим аҳамият касб этади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.