date

Ўзбекистонда валюта операциялари тартиби янада такомиллаштирилади

Ўзбекистонда валюта операциялари тартиби янада такомиллаштирилади

Ўзбекистонда молиявий операцияларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида валюта фаолияти қоидаларини такомиллаштиришга қаратилган янги ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси тайёрланди. Ҳужжатда валюта айирбошлаш, пул ўтказмалари ҳамда банклар фаолиятини янада аниқ ва замонавий қоидалар асосида тартибга солиш назарда тутилган.

Лойиҳа доирасида қатор бандлардаги “тижорат банклари” атамаси “банклар” сўзи билан алмаштирилиши, шунингдек, жисмоний шахслар орасидаги носавдо пул ўтказмаларига аниқлик киритилиши таклиф қилинмоқда. Янги тартиб банклар ва Марказий банк ўртасида, шунингдек, мижозлар билан валютавий своп ва дериватив операцияларини халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш имконини беради.

Шу билан бирга, банкларнинг валюта операциялари бўйича маълумотлари Марказий банкнинг махсус ахборот тизимига киритилиши режалаштирилмоқда. Чет эллик инвесторлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳам қатор енгилликлар назарда тутилган: қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш ва маблағларни репатриация қилиш учун чет эл валютасини сотиб олиш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Лойиҳада норезидент жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларида маблағларнинг қонуний манбалари тасдиқланиши талаб қилинади. Шунингдек, нақд чет эл валютаси билан операциялар, банкноталарни қабул қилиш ва қайта муомалага чиқариш талаблари қайта кўриб чиқилди.

Мазкур ўзгартишлар валюта операцияларини янада шаффоф, самарали ва замонавий тартибда ташкил этишга, шу билан бирга молиявий бозор инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади. Умид қилинадики, янги қоидалар иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулайлик яратади ва валюта соҳасида ишонч муҳитини мустаҳкамлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда валюта операциялари тартиби янада такомиллаштирилади