Дам олиш кунлари ёмғирли ҳаво сақланиб туради

Ўзбекистонда дам олиш кунлари беқарор об-ҳаво сақланиб қолади. Ўзгидромет маълумотига кўра, 22–24 май кунлари республика ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, айрим жойларда эса кучли жала кузатилиши мумкин. Шунингдек, момақалдироқ бўлиши эҳтимоли ҳам сақланиб турибди.
Айниқса, тоғолди ва тоғли ҳудудларда об-ҳаво анча фаол кечиши кутилмоқда. У ерларда ёмғир баъзан кучли бўлади, момақалдироқ кузатилади. Бундай шароитда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Айрим ҳудудларда дўл ёғиши эҳтимоли ҳам бор. Шу сабаб тоғли жойларга сафар режалаштирган фуқаролар эҳтиёткор бўлиши, об-ҳаво хабарларини кузатиб бориши мақсадга мувофиқ.
Республика бўйича ёмғирли ҳаво асосан кўп ҳудудларда кузатилса-да, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Бухоро ва Навоий вилоятларида эса фақат айрим жойларда қисқа муддатли, кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади. Айрим ҳудудларда унинг тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши эҳтимоли бор. Республика шимоли, чўл ҳудудлари ва жанубий вилоятларда шамол чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Бу эса ҳайдовчилар ва очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун ноқулайлик туғдириши мумкин.
Ҳаво ҳарорати 22–24 май кунлари кечалари +13…+18 даража, кундуз кунлари эса +22…+27 даража атрофида бўлади. Яъни ҳаво кескин совиб кетмайди, аммо ёмғир ва шамол сабаб салқинлик сезилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳам жума куни кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +22…+24 даража атрофида бўлади. 23 май куни пойтахтда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда, бироқ кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши эҳтимоли бор. Шу куни кундузги ҳарорат +25…+27 даражагача кўтарилади.
24 май куни эса Тошкентда яна вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши прогноз қилинмоқда. Кундузи ҳаво +22…+24 даража, кечалари эса +15…+18 даража атрофида бўлади. Шамол ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, баъзи пайтларда 10–12 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Қисқаси, дам олиш кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво “режани ўзгартириб юборишим мумкин” деган кайфиятда бўлади. Ёмғир, шамол, момақалдироқ ва айрим жойларда дўл эҳтимоли бор. Шу боис сафар, тўй, сайр ёки тоғга чиқиш режаси борлар об-ҳавони олдиндан текшириб олгани яхши. Соябон ва эҳтиёткорлик бу кунларда ортиқча бўлмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!