АҚШда ҳомиладор маҳбус қўриқчилар гамбургер еяётганда қочиб кетди

АҚШнинг Нью-Мексико штатида ҳомиладор маҳбус қамоқхона ходимларининг эътиборсизлигидан фойдаланиб, уларнинг хизмат автомобилини ҳайдаб қочди. Қамоқхона ходимлари аёлни тиббий кўрикдан олиб қайтаётган вақтда йўлда гамбургер ейиш учун тўхтаган. Маҳбус эса айнан шу вазиятдан фойдаланган. Ҳодисадан уч кун ўтган бўлса-да, унинг қаердалиги ҳануз номаълум. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
26 ёшли Ребекка Тейлор бир нечта автомобилни ўғирлагани учун олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У Грантс шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган бўлган. 25 ноябрь куни эрталаб эса ҳомиладорлиги сабабли тиббий текширувдан ўтказиш учун Албукерке шаҳрига олиб борилган.
Тиббий кўрик якунлангач, маҳбусни қамоқхонага қайтариш учун йўлга чиқишган. Бироқ йўл-йўлакай уч нафар қамоқхона ходими овқатланиш мақсадида Whataburger тез овқатланиш шохобчасига тўхтаган. Бу вақтда Тейлор тиббий кўрикка олиб борилган яна бир маҳбус аёл билан бирга Dodge Journey русумли хизмат автомобилида қолган.
Шу пайтда у хавфсизлик камарини ечиб, ҳайдовчи ўрнига ўтирган ва машинани ҳайдаб кетган. У билан бирга бўлган иккинчи маҳбус эса қочишга қўшилмаган. Ҳозирча аёл автомобилдан ўз хоҳиши билан тушганми ёки Тейлор уни машинадан чиқишга мажбур қилганми, бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.
Маълум бўлишича, қочиш вақтида Тейлор ҳомиладорликнинг иккинчи ойлик даврида бўлган. Нью-Мексико жазони ижро этиш хизмати матбуот котиби Бриттани Ромбахнинг айтишича, ҳомиладорлиги сабабли аёлга йўл давомида кишан солинмаган.
«Ҳомиладорлиги сабаб йўлда унга кишан солинмаган. Биздаги маълумотларга кўра, ҳодиса юз берган пайтда ходимлардан бири автомобил ёнида бўлган, ичида эмас», — деди Бриттани Ромбах.
Қочиб кетган маҳбусни қидириш ишлари давом этмоқда
Ҳодисадан тахминан бир соат ўтгач, Тейлор ҳайдаб кетган хизмат автомобили Албукерке шаҳрида ташлаб кетилган ҳолда аниқланган. Бир неча соатдан кейин эса машинадан хизмат телефони ва маҳбусга тегишли тўқ сариқ рангли қамоқхона кийими ҳам топилган.
Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари аёлнинг қаерга кетганини аниқлаш учун кенг кўламли қидирув ишларини бошлаган. Жумладан, Албукеркедаги автобуслар, поездлар ва бошқа жамоат транспорти воситалари текширилган. Бироқ ўтказилган текширувлар ҳозирча натижа бермаган.
27 ноябрь ҳолатига кўра, полиция Ребекка Тейлор ҳали шаҳарни тарк этмаган бўлиши мумкин, деган тахминга келган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни охирги марта кўришган Албукеркедаги жануби-ғарбий ҳудудларда қидирув олиб бормоқда.
Шунингдек, тергов доирасида маҳбуснинг қамоқхонадан туриб амалга оширган телефон қўнғироқлари ҳам текширилмоқда. Бундан ташқари, унинг эҳтимолий қочиш режаси ва қаерга йўл олганини аниқлаш мақсадида бошқа маҳбуслардан ҳам кўрсатмалар олинмоқда.
Ҳозирча уч кундан бери қидирилаётган Ребекка Тейлорнинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…