Ўзбекистонда 55 йилдан бери қайд этилмаган ноёб кўршапалак топилди

Ўзбекистонда ярим асрдан ортиқ вақт давомида табиатда қайд этилмаган ноёб кўршапалак тури аниқланди. Зоология институти олимлари хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда "Жанубий Устюрт" миллий табиат боғида туркман узунқулоқ кўршапалагини (Plecotus turkmenicus) қайд этишди.
Мазкур тур Марказий Осиёдаги энг камёб кўршапалаклардан бири ҳисобланади. У ҳақидаги маълумотлар узоқ вақт давомида асосан 1970 йилгача ўтказилган кузатувлар ҳамда музейларда сақланаётган намуналар билан чекланиб келган.
Ноёб турнинг қайта аниқланиши Ўзбекистон ҳудудидаги биологик хилма-хилликни ўрганиш ва муҳофаза қилиш борасида муҳим аҳамиятга эга. Бундай топилмалар кам ўрганилган ҳудудларда яшайдиган ҳайвонлар ҳақида янги маълумотлар олиш ҳамда уларнинг яшаш муҳитини асрашга ёрдам беради.
Мутахассислар томонидан қайд этилган ушбу кўршапалакнинг табиатда яна учратилгани мамлакат фаунасини ўрганишдаги эътиборга молик янгиликлардан биридир.































Изоҳлар 0
…