14:30 / 01.07.2017
11 873

ФВВ Ўзбекистонда тарқалган заҳарли илонлар ҳақида маълумот берди

ФВВ Ўзбекистонда тарқалган заҳарли илонлар ҳақида маълумот берди
Илонлар ўзига хос тана тузилишига эга бўлган, ўлчами 20 см дан 10 м гача этадиган ҳайвондир. 2700 га яқин тури маълум. Танаси ҳар хил йўғонликда бўйига чўзилган. Думи ҳамиша танасидан калта. Оёғи бўлмайди. Ўзига хос ажойиб ҳаракатланиш усули, хатти-ҳаракатлари, заҳар тишлари ва ҳаракатсиз тик қараб туриши туфайли илонлар ҳақида канчадан-қанча эртак ва афсоналар тўқилган ҳамда кўп халқлар орасида илондан қўрқиш ҳисси пайдо бўлган, деб хабар беради kun.uz нашри.

Ўрта Осиё кобраси
Кобра — Ўзбекистондаги йирик заҳарли илонлардан биридир. Танасининг узунлиги 125 см, думи 45 см гача. Ранги тана рангидан тўқ сариқ, қўнғир ёки қорагача кучли даражада ўзгариб туради. Ўзбекистонда кобра фақат Боботоғда, Ҳисор тизма тоғларининг тоғ олдиларида ва Сурхондарё водийсида нисбатан кўпроқ учрайди. Қарши даштида бирмунча камроқ, Зарафшон ва Нурота тизма тоғларида эса ундан ҳам кам учрайди.

Шарқда учрайдиган энг сўнгги пункти — Ховос атрофларидир. Ҳатто Боботоғда ҳам бир кунда иккитадан ортиқ илон учратиш қийин, одатда, экспедициялар вақтида камдан-кам, яъни бир ойда битта кобрани учратиш мумкин. Ўзбекистонда кобра қуруқ ён бағирларда, кемирувчилар инида яшайди. Водийларда ва аҳоли яшайдиган пунктларда камдан-кам учрайди.

Дашт заҳарли қора илон (гадюка)

Сирдарё бўйларида кўпинча унча катта бўлмаган илон — дашт заҳарли қора илони учраб туради. Танасининг узунлиги 55 см ча, думи қисқа 4—6 см. Усти қўнғирсимон-кул ранг, орқа чўққаси бўйлаб тўқ рангли эгри-бугри йўли бор, баъзан у узуқ-узуқ ёки доғлардан иборат бўлади. Республикада Чирчиқ водийсида Хўжакентдан Чинозгача бўлган жойларда, Сирдарё водийсида Ховосдан пастроқда кўпроқ, Чотқол тизма тоғларида Паркент, Чимён ва Хумсон яқинида эса камроқ учрайди. Дарё воҳаларидаги чингил ва шўра ўтлар кўп ўсадиган кўлларнинг қирғоқларида, шолипоялар марзаларида кўпроқ яшайди. Кемирувчиларнинг инига кириб яширинади. Тоғлардаги япроқли ўрмонлар зонасида кам учрайди.

Чархилон (эфа песчанная)
Чархилон унча катта бўлмайди. Танасининг узунлиги 86 см, думи қисқа — 7,5 см гача боради. Усти қўнғир-кул ранг ёки қум ранг бўлади. Қийшиқ жойлашган ён тангачалари орқадагиларига қараганда тўқроқ бўлади. Ўзбекистонда чархилон Термиз атрофлари ва Қорасув ҳамда Сурхондарёдаги соғ тупроқли чўлларда жуда кўп. Сурхондарё водийси бўйлаб Шўрчи ва Боботоғ тоғ этаклари атрофларигача тарқалган. Қорақалпоғистоннинг жанубий раёнларида ва Қизилқум чўлида анча кам учрайди. Бу илон асосан соғ тупроқли ва қумли чўллар, дарё воҳаларидаги жарликлар, кўҳна харобаларда яшайди. Гоҳо у қуруқ ён бағирларда яшайди.

Қалқонтумшуқ илон (ситомордник)
Тошкент ва Самарданд областидаги тоғларда ва Қорақалпоғистондаги текисликларда қалқонтумшуқ илон яшайди. Бу республикада тарқалган бирдан-бир чинқириқ ёки шақилдоқ илондир. Танасининг узунлиги 68 см гача, думи қисқа 4—8 см бўлади. Устида тўқ рангли кўндаланг доғлари бор. Қалқонтумшуқнинг типик яшаш жойлари шимолда - тупроқли ва қумли чўллардир. Жанубда у баланд тоғлардаги арчазор ўрмонларда ва тош уюмлари бўйлаб алп ўтлоқларигача (3200 м ва ундан баландроқ) учрайди.

Кўлвор илон
Кўлвор илон анча йирик бўлади, йўғонлиги одамнинг билагидек келади. Танасининг узунлиги 160 см ча, думи эса 20 см дан ортиқ эмас. Энг оғир кўлвор илоннинг массаси 3 кг ча келади. Усти оч ёки тўқ кул ранг, сарғиш ёки жигарранг тусли. Ўзбекистонда Туркистон тоғ олдиларида (Ховос), Нурота, Зарафшон тизма тоғлари, Кўҳитанг ва Ҳисор тизма тоғлари этакларида учрайди. Бу илон кобрага нисбатан анча кўп тарқалган. Зарафшон тизма тоғи ва Нурота тоғларининг баъзи жойларида баҳорда кунига бештагача, баъзан эса ундан кўп кўлвор илонни учратиш мумкин. Кўлвор илон тоғларда, тоғ олдиларида ва тоғларнинг атрофларидаги водийларда яшайди. Қишлоқларда ва тоғ этакларидаги боғларда, булоқларнинг бўйида, тоғлардаги тош уюмлари орасида кўп учрайди.

Ўрта Осиё кобраси, қора илон ва чарх илонлар захари асосан нафас марказларига таъсир кўрсатса, кўлвор ва қалқонтумшуқ илонлар захари юрак қон айланиш тизимига таъсир қилади.

Агар сизни заҳарли илон чақса, дарҳол жароҳатни қўлингиз билан сиқиб чиқаринг ёки оғзингиз билан сўриб ташланг. Илоннинг заҳари сўлак таъсирида қисман парчаланади ва одам оғзи орқали ҳеч қачон, ҳатто бузилган тиши бўлган тақдирда ҳам заҳарланиши мумкин эмас. Қонни 5-8 минутдан ортиқ сўриб ёки сиқиб чиқариш мумкин эмас. Шундан кейин марганцовка, цирка ёки содали сувга ҳўлланган бинт ёки пахта босиш керак. Жароҳатланган одам сув, лимонад, сут, кофе ичиши, тарвуз ейиши фойдали.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » ФВВ Ўзбекистонда тарқалган заҳарли илонлар ҳақида маълумот берди