Саудия Арабистони Макка шаҳри яқинида ҳусийлар дронини уриб туширди

Саудия Арабистони Макка шаҳри яқинида ҳусийлар дронини уриб туширди

30 октябрь куни Саудия Арабистони ҳудудида, Макка шаҳри атрофида Ямандаги ҳусийлар томонидан учирилгани айтилган дрон тутиб қолинди. Мамлакат бошчилигидаги коалиция ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учувчисиз қурилмани аниқлаб, йўқ қилганини маълум қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Коалиция вакили, генерал-майор Туркий ал-Моликийнинг билдиришича, дрон Макка шаҳри ҳудудида тутиб қолинган. Бироқ у қурилманинг аниқ қайси нишонга йўналтирилгани ҳақида маълумот бермаган.

Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари эса Макка ёки Саудия ҳудудига ҳужум уюштирилганини рад этди. Унинг таъкидлашича, гуруҳнинг ҳарбий амалиётлари Саудия Арабистонининг нефть объектлари ва ҳарбий базаларига қаратилган.

Қайд этиш жоиз, Саудия Арабистони аввал ҳам Макка ва Мадина томон йўналтирилган ракета ҳамда дронларни тутиб қолганини билдирган. Ҳусийлар эса муқаддас шаҳарларни нишонга олгани ҳақидаги айбловларни бир неча бор инкор этган.

Шунингдек, 29 октябрь куни Ҳормуз бўғозида танкерга портловчи мосламалар ёрдамида ҳужум қилинган. Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари бошқармаси (UKMTO) маълумотига кўра, кичик қайиқдаги шахслар танкернинг сув сатҳидан юқори қисмига иккита портловчи мослама ўрнатган. Кейинги портлашлар оқибатида кема двигателлар бўлимида ёнғин чиққан ва танкер вақтинча ҳаракатдан тўхтаган.

Кейинчалик ёнғин ўчирилган, танкер эса сафарини давом эттирган. Экипаж аъзолари жабрланмаган, денгиз муҳитига зарар етмаган. Ҳозирча ҳужум ортида ким тургани маълум қилинмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар