date

Ислом Каримов: Жаҳон бозори учун миллий брендимизни яратишимиз лозим

Ислом Каримов: Жаҳон бозори учун миллий брендимизни яратишимиз лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 29 сентябрдаги Фарғона водийсига сафарини Наманган вилоятидан кейин куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятида давом эттирди.

Фарғона вилояти мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Ислом Каримов Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш борасидаги ишлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят марказида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир.

Қарор ижроси бўйича Фарғона шаҳрининг қиёфасини замонавий шаҳарсозлик талабларига мувофиқ тубдан янгилаш, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини комплекс ривожлантириш ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳарда бунёдкорлик, ободонлаштириш, уй-жой коммунал, йўл хўжалиги ва транспорт хизматини, сув, электр энергияси, табиий газ таъминотини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида салмоқли ишлар бажарилди.

Ислом Каримов Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида вилоятда мазкур соҳа жадал тараққий этмоқда. Бугунги кунда вилоятда 18 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатиб, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,2 фоизга етди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда хорижий инвестиция иштирокида 12 қўшма корхона ташкил этилди. Бунда қўшма корхоналарни модернизация қилиш борасида яратилаётган имтиёз ва кафолатлар ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Бу жараёнда пахтани қайта ишлаш ва тикувчиликка ихтисослашган қўшма корхоналар эришаётган ютуқлар диққатга сазовордир. Бугунги кунда вилоятда “Наримтекс”, “Индорама Қўқон текстиль”, “Фарғона Турон текстиль”, “Бешариқтекстиль” сингари илғор технологиялар асосида жиҳозланган кўплаб корхоналарда халқаро андозаларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда.

“Наримтекс” қўшма корхонасида 2012-2015 йиллар мобайнида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар самарасида Германия, Италия, Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган энг замонавий бичиш-тўқиш, пардозлаш жиҳозлари ва тикув машиналари ўрнатилди. Янги иш ўринлари яратилди.

Президентимиз ички ва жаҳон бозорида муносиб ўрин топиш учун мунтазам изланиш, янги-янги маҳсулот турларини ўзлаштириш зарурлигини қайд этди. Бозор коньюктурасини ўрганган ҳолда маҳсулот тайёрлаш, дизайн масалаларига эътиборни кучайтириш, энг асосийси, жаҳон бозорида ўз брендини яратиш лозим.

– Бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг замонавий кийинишга эҳтиёжи ва талаби тобора ошиб бормоқда, – деди Ислом Каримов. – Уларнинг ўсиб бораётган талабини юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли маҳсулотлар ҳисобидан қондириш муҳим вазифадир. Бунинг учун замонавий корхоналарни янада кўпайтириш, истеъдодли, замон ва бозор талабларини чуқур ҳис этадиган моҳир тадбиркорларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим.

Ислом Каримов корхона ишчиларининг ҳаёти, корхонада яратилган шароитлар билан қизиқди.

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига сафари давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ислом Каримов: Жаҳон бозори учун миллий брендимизни яратишимиз лозим