12:25 / 29.05.2018
3 912

Давлат бошқаруви Академияси қошидаги институтга тест синови қандай ташкил этилади?

Давлат бошқаруви Академияси қошидаги институтга тест синови қандай ташкил этилади?
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилишда тест синовини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Давлат тест маркази буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилишда тест синовини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тест синови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Институт Давлат тест маркази билан келишган ҳолда кириш синовларига рухсат берилган кундан бошлаб, йигирма кун мобайнида тест синовини ўтказиш учун шартнома тузади, тест синови ўтказиладиган кунни белгилайди.

Тест синови натижалари тест ўтказилган кундан сўнг уч кун мобайнида эълон қилинади.

Қабул жараёнини юқори даражада уюшқоқлик билан, тартибли равишда ташкил этиш, тест жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш, номзодларга уларнинг тест синови жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовини ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратиш ҳамда тест синови натижалари бўйича абитуриентларга тўлиқ маълумотлар бериш Институт томонидан ташкил этилган Қабул комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Тест синови жараёнини видеотасвирга тушириш ишларини ташкил этади. Тест синови тугаганидан кейин видеотасвирлар бош штабда Давлат тест маркази масъул ходимига топширилади.

Қабул комиссияси тест синови белгиланган кундан камида 15 кун олдин мазкур абитуриентларнинг умумий рўйхатини, шунингдек тест синови ўтказиладиган бинолар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан ўқув дастурларни ва тест синови топшириқларини Давлат тест марказига тақдим этади.

Тест синови ўтказиладиган биноларни тест синовига тайёрлаш бўйича жавобгарлик қабул комиссияси зиммасига юклатилади. Тест синовлари Институт биносида ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

Тест синови ўтказиладиган бинолар ҳудудий жойлашуви бўйича тест материалларини ўз вақтида ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда етказиш ҳамда Давлат тест маркази масъул ходимининг тест синови жараёнида назорат қила олиши учун бир-бирига яқин бўлиши керак.

Ҳар бир бинода абитуриентларни тартибли ва ўз вақтида киритиш учун кириш эшигида назорат хизмати постлари ташкил этилган бўлиши шарт.

Ҳар бир бинода тест материалларини тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган махсус хона (штаб) тайёрланади ва Давлат тест марказининг вакиллари ҳамда аудитория раҳбар ва кузатувчилари учун етарли миқдорда стол-стуллар, стационар телефон алоқаси ва ҳужжатларни тест жараёнида сақлаш учун сейф билан таъминланган бўлиши керак.

Аудиториялар алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол-стуллар билан таъминланган бўлиши керак.

Ҳар бир аудитория (гуруҳ) соат, бўр, ёзув тахтаси (доска), елим, ичимлик суви ҳамда абитуриентлар, аудитория раҳбари ва кузатувчилари сонига тенг миқдорда ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан таъминланган бўлиши шарт.

Тест ўтказиладиган аудиториялар сифатида ошхона, йўлак (коридор) ва шунга ўхшаган хоналардан фойдаланиш тақиқланади.

Тест синовлари бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилганда:

- бинода бир нафар абитуриентга қоида тариқасида, 2 м2 дан кам бўлмаган жой тайёрланиши;

- ҳар бир гуруҳ алоҳида ўтириш ўрнига эга бўлган 30 тадан стол ва стул билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши;

- аудитория раҳбар ва кузатувчиси (гуруҳ назоратчиси) учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол ва стул ажратилиши;

- бинога тегишли ҳудудда ва бинога кириш жойларида гуруҳ ва абитуриентлар сони ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши шарт.

Давлат тест маркази тест синовини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

қабул комиссиясидан тест синови бошланишидан камида 15 кун олдин Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан тест синови топшириқларини қабул қилиб олади ва экспертизадан ўтказишни ташкиллаштиради;

тест материалларини абитуриентлар сонига мос равишда тайёрланишини таъминлайди;

мазкур абитуриентларнинг аудиториялар бўйича рўйхатини шакллантиради;

тест материалларини тест синови ўтказиладиган куни тест синови ўтказиладиган бинога етказилишини таъминлайди;

Давлат тест маркази вакиллари, аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларининг ўз хизмат вазифаларини ваколати доирасида аниқ билиши ва ўз вақтида тест синови ўтказиладиган бинога етиб келишини таъминлайди;

бажарилган тест топшириқларини текширади ва натижасини чиқаради.

Тест синовини ўтказиш учун Давлат тест маркази вакиллари Давлат тест маркази ходимлари ёки манфаатдор вазирликлар ва идоралар тавсия этган олий таълим вазирлиги ва халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасалари ходимларидан танлаб олинади.

Давлат тест маркази вакилларини тақсимлаш Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

Давлат тест маркази вакиллари ўзига бириктирилган бино, қават ва аудиторияларда тест ўтказиш тартибларига қатъий риоя қилинишига жавобгар шахс ҳисобланади.

Давлат тест маркази вакиллари тест синови бошланишидан 2 соат аввал ўзига тегишли бинога етиб келади ва бино ҳудудига назорат хизмати постлари орқали рўйхат асосида паспорти билан киради.

Бино бўйича вакил тест синови ўтказиладиган куни қуйидаги вазифаларни бажаради:

штабда Давлат тест маркази масъул ходимидан қават вакиллари,аудитория раҳбар ва кузатувчилари рўйхатларини, уларнинг рухсатномаларини ҳамда тест материаллари қутисини қабул қилиб олади;

қават вакилларига, аудитория раҳбар ва кузатувчиларига уларнинг рухсатномаларини тарқатади, келмаган қават вакиллари, аудитория раҳбар ва кузатувчилари ўрнига захирадаги шахсларни тайинлайди;

қават вакиллари билан биргаликда абитуриентларнинг аудиториялар бўйича рўйхати ва тест материаллари қутисини аудитория раҳбарларига топширади;

абитуриентнинг тест материалида типографик нуқсон борлиги ҳақидаги мурожаати юзасидан, зудлик билан тест материаллари захира қутидан мутахассислик ва тилига мос тест материалларини қават вакилига беради;

абитуриентларнинг тест топширишини назорат қилиб боради ва тест жараёнида муаммо пайдо бўлганда, зудлик билан Давлат тест маркази масъул ходими билан боғланади, муаммони ҳал қилиш чораларини кўради;

Ўзига юклатилган вазифаларни суиистеъмол қилган, шу жумладан аудиторияга бегона шахсларнинг киришига йўл қўйган, абитуриентга тақиқланган воситалардан фойдаланиш учун шароит яратиб берган ва шу каби бошқа ҳолатларни содир этган аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларини вазифасидан четлаштиради ва четлаштирилган аудитория раҳбари ва кузатувчилар ўрнига захирадан тайинлайди;

аудиторияларда тест синовини ўтказиш тартибини бузган абитуриентларнинг тестдан четлаштирилишини ва бу ҳақида далолатномалар тузилишини назорат қилади;

тест синовининг тугаш жараёнини назорат қилади;

аудитория раҳбарларидан тест материаллари қутиларини муҳрланган ҳолда қабул қилиб олади;

қават вакиллари иштирокида тест материаллари қутиларини Давлат тест маркази масъул ходимига топширади.

Қават вакиллари тест синови ўтказиладиган куни қуйидаги вазифаларни бажаради:

аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларини штабга бошлаб келади ва бино раҳбари томонидан уларга рухсатномалар тарқатилишида иштирок этади ҳамда уларни белгиланган аудиторияларга олиб боради;

тест ўтказилаётган аудиторияда абитуриент томонидан тест ўтказиш тартибининг бузилишини аниқлаганда, аудитория раҳбаридан ушбу ҳолат бўйича тест синовидан четлаштириш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилишини талаб қилади;

тест синови қоидаларини бузган абитуриентлар бўйича ўзига тегишли аудитория раҳбарлари томонидан тузилган далолатномаларни тасдиқлаб, имзо қўяди;

ўзига тегишли қаватда аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларининг фаолиятини назорат қилади. Ўзига юклатилган вазифаларни суиистеъмол қилган, шу жумладан аудиторияга бегона шахсларнинг киришига йўл қўйган, абитуриентга тақиқланган воситалардан фойдаланиш учун шароит яратиб берган ва шу каби бошқа ҳолатларни содир этган аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларини вазифасидан четлаштиради ва бу ҳақида бино бўйича вакилга маълум қилади;

аудитория раҳбари абитуриентнинг тест материалида типографик нуқсон борлиги ҳақида мурожаат қилганда, мурожаатнинг асосли эканлигини текшириб кўриб зудлик билан бино бўйича вакилга мурожаат қилади ҳамда тест материаллари захирасидан мутахассислик ва тилига мос тест материалларини келтириб беради;

тест синови тугагач, ўзига тегишли гуруҳларнинг аудитория раҳбарларини аудиторияда муҳрланган тест материаллари қутилари билан бирга штабга бошлаб боради ва топшириш жараёнини назорат қилади.

Абитуриентлар тест синови ўтказиладиган бинога паспорти билан видеокузатув орқали тартибли равишда киритилади.

Абитуриентлар учта фан мажмуалари бўйича тест синовини топширади.

Тест синови Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанлари бўйича ўтказилади.

Тест синови жараёнида Институт билан келишилган ҳолда ёпиқ ёки очиқ турдаги тестлардан фойдаланиш мумкин.

Ёпиқ турдаги тест топшириғида тўртта жавоб варианти бўлиб, улардан фақат биттаси мутлақ тўғри бўлади.

Очиқ турдаги тест топшириғида ҳеч қандай жавоблар вариантлари берилмайди. Абитуриент тест топшириғи мазмунидан келиб чиқиб, кўрсатилган махсус катакларга жавоб вариантини ёзади.

Қабул комиссияси томонидан абитуриентларга тест синови ўтказиладиган куни ва бошланиш вақти етказилади.

Абитуриентлар тест синови ўтказиладиган куни бино ҳудудига фақат паспорти билан киритилади. Аудиторияда тест синови бошлангандан сўнг, кечикиб келган абитуриент бинога киритилмайди.

Аудиторияда тест синови бошланиш вақти эълон қилингунга қадар абитуриентлар жавоблар варақаси рақами билан тест топшириқлари китоби рақамининг бир-бирига мослигини ва тест топшириқлари китобида фанлар бўйича тест топшириқларида типографик хато ёки бошқа нуқсонлар йўқлигини текширади. Агар тест топшириқларида нуқсон бўлса дарҳол бу ҳақида аудитория раҳбарига хабар бериши шарт.

Абитуриент тест синови бошланиш вақти эълон қилингунга қадар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишади, тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг тегишли жойига ўзлари тўғрисида маълумотларни ёзади.

Тест бошлангандан кейин ҳеч ким аудиторияга киритилмайди ва тест топшириқлари бўйича абитуриентлар билан савол-жавоб қилинмайди.

Белгиланган вақтда тест синовига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синови ўтказилмайди.

Тест топшириқлари китобида жами 60 та, ҳар бир фандан 20 тадан (ёпиқ, очиқ типдаги) тест топшириқлари бўлади.

Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 60 та тест топшириғига 105 дақиқа вақт берилади.

Ҳар бир ёпиқ турдаги тест топшириғига 4 тадан («А», «В», «С», «D») муқобил жавоблар берилади.

Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисоблаган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).

Агар жавоблар варақасидаги «Белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу жавобга балл берилмайди.

Ҳар бир очиқ турдаги тест топшириғига махсус катаклар ажратилади.

Абитуриент ҳар бир тест топшириғи мазмунидан келиб чиқиб, аввал тест топшириқлари китобида сўнгра жавоблар варақасида кўрсатилган махсус катакларга жавоблар вариантини (сўз, жумла, гап, рақамлар ва бошқаларни) ёзади (жавоблар варақасида ёзилган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).

Очиқ типдаги тест топшириқлари учун жавоблар варақаси Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилади.

Тўлдирилган жавоблар варақаси абитуриентнинг билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Ҳар бир тест топшириқнинг тўғри жавоби учун 1,5 балл белгиланади.

Жавоблар варақаси абитуриент томонидан ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдирилади.

Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган (сўз, жумла, гап, рақамлар ва бошқаларни) абитуриентларнинг эътирози апелляция жараёнида кўриб чиқилмайди.

Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, тест синови учун ажратилган вақт тугаганидан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, тест материалларини аудиториядан ташқарига чиқарса, тест топшириқлари китоби варағини ёки жавоблар варақасини йиртса абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва Давлат тест маркази вакили ёки аудитория раҳбари ва кузатувчилари томонидан далолатнома тузилиб, абитуриент тест жараёнидан четлаштирилади.

Тест синовини топшириш вақтида абитуриентнинг сабабсиз аудиториядан чиқиши тақиқланади. Соғлиғига салбий таъсир этувчи ҳолатларда тест материалларисиз кузатув остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.

Тест синовини ўтказиш жараёни юзасидан эътирозлари мавжуд бўлганда, абитуриент тест синови ўтказилган куннинг ўзида қабул комиссияси орқали Давлат тест марказига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Қабул комиссияси томонидан абитуриентлар аризаси Давлат тест марказига белгиланган муддатдан кечикиб етказилса эътирозлар кўриб чиқилмайди.

Тест синови натижасидан норози бўлган абитуриент белгиланган тартибда Институтда ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёзма тартибда шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Институт шикоят ёзган абитуриентнинг тест материалларини (тест синовида тушган тест топшириқлари китоби, жавоблар варақасининг нусхаси ва тест синовида йўл қўйган нотўғри жавоблари рўйхатини) Давлат тест марказидан олади.

Шикоят берган абитуриент апелляция комиссияси томонидан белгиланган кунда ўзининг паспорти билан келиши шарт.

Абитуриентнинг шикоятини кўриб чиқиш жараёнида шикоят берувчига унга тестда тушган тест топшириқлари китоби,жавоблар варақасининг нусхаси ва тест синовида йўл қўйган нотўғри жавоблари рўйхати биргаликда берилади.

Абитуриент ўзининг эътирозларини ёзиб, ўзига берилган тест материаллари билан бирга Апелляция комиссиясига топширади.

Апелляция комиссияси 3 кун муддатда абитуриент эътирозини кўриб чиқади ва натижаси бўйича қарор қабул қилади.

Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида Давлат тест маркази ва абитуриентга ёзма равишда маълум қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Давлат бошқаруви Академияси қошидаги институтга тест синови қандай ташкил этилади?