12:30 / 09.12.2018
4 161

Ўзбекистонликлар қачон Forbes’га киради?

Ўзбекистонликлар қачон Forbes’га киради?
Сарлавҳада андак ноқислик бор. Чунки дунё бойлари жамланадиган Forbes рейтингига ўзбек миллатига мансуб, аммо бошқа давлат фуқароси бўлган Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиев каби бадавлат инсонлар тиркалган. Алишер Усмонов ҳатто «Forbes-Россия» рейтингида қатор йиллар етакчилик ҳам қилган. Аммо бу рўйхатга бирор марта айнан Ўзбекистон вакили кирмаган. Ўзбекистонда деярли ҳар бир давлат вакили ўз ўрнини топган бу рейтингга киришга арзийдиган бойлар йўқми?

Ўзбекистонда бойлар ҳамиша бўлган, бор ва бўлади. Аммо тузумлар ўзгариши, миллий менталитет, доимий ҳадик ва андиша каби тушунчалар бу бойликни кўз-кўз қилишдан чеклаб келади. Наинки ўз бойлигини оммага ошкор қилиш одат тусига кирмаган, балки кимдир билиб қолишидан эҳтиёт бўлинган, ҳамиша сир тутиб келинган. Айнан мана шундай омиллар туфайли нафақат миллиардерлар, балки долларли миллионерлар рўйхатига расман кирган ўзбекистонликни топиш, яқин йилларда амримаҳол.

Бунинг бир неча сабаблари бор албатта:

1. Таассуфки бизда бойларни ёқтиришмайди, ҳавас қилинмайди. Аксинча, уларга шубҳа билан қаралади, топган бойликлари манбаси мавҳум туйилади;

2. Бадавлат инсонлар ўз даромадларини ошкор қилишни истамаганларидан ташқари хориж бойларидан фарқли равишда хайрия ишларида фаол эмаслар ёки муҳтожларга ёрдамларини ҳам сир сақлашни афзал билишади;

3. Шундай бир тушунча мустаҳкам шаклланганки, унга кўра бадавлат инсоннинг албатта «юқорида» суянган тоғи бўлиши шарт, ёки ўша «юқори»дагининг ўзи бой. Шунингдек, бойми, демак бирор қинғирликка шерик, чунки бизнинг шароитда ҳалол йўл билан бунча бойлик орттириш мумкин мумкин эмас, деб ўйланади;

4. Ўтган асрлардан қолиб кетган қўрқув ҳамон тарқалмаган – бойлик, айниқса оммага ошкор қилинмаган, яширилган пуллар албатта қора кучларни чақиради, ҳимояланиш ниҳоятда оғир, бойлигингдан айрилсанг сени ҳимоя қиладиган одам йўқ;

5. Бирор сабаб билан бойлигинг миқдори ошкор бўлса, дарҳол савол бергувчилар, фаолиятингга қизиқувчилар пайдо бўлади, буёғига умринг олдингидай бўлмайди, деган ақидалар ўз таъсирини кўрсатган.

Қолаверса, Forbes талабларига кўра орттирилган бойликнинг манбаси мутлақо шаффоф, даромад қонуний асосларга эга бўлиши, керакли маълумотлар ошкор қилиб борилиши шарт.

Масалан, бугунги кунда америкалик анча-мунча миллиардерлар ҳам ҳавас қиладиган маблағ – деярли 5 миллиард долларни тасарруф этгани исботланган бўлсада, Гулнора Каримова Forbes рейтингидан жой ололмаган.

Шунингдек, тадбиркорлиги билан халқаро эътирофларга сазовор бўлган Ғофур Раҳимов, Одилбой сингари ўзбекнинг бойлари ҳам давлатлари етсада, у ёки бу сабабларга кўра бу рўйхатга киришмаган (шу ўринда таъкидлаш керакки, Ғофур Раҳимов ҳам умрининг кўп қисмини Тошкентда ўтказган бўлсада, Россия фуқароси ҳисобланади).

Демак, ўзбекистонликларнинг дунё бойлари рўйхатидан жой олмаётганининг аниқ сабаблари бисёр. Бу ҳолатнинг давлат иқтисодига салбий жиҳати бор албатта. Минг афсуски, улкан тарихи, 33 миллионлик аҳолиси, дунё ҳамжамияти олдида очиқликка уринишига қарамай Ўзбекистонда яшовчи бойларни мисол тариқасида кўрсатиш, уларнинг бойлик формуласини ўрганиш мумкин эмас.

Ўзларини янги давр тадбиркорлари, ўрнак олишга арзийдиган инсонлар сифатида тақдим этаётган бизнесменларга эса ҳозирча Forbes рейтингидан жой топилгани йўқ.
Аброр Зоҳидов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонликлар қачон Forbes’га киради?