14:10 / 19.04.2019
2 912

Хориждаги ватандошларга виза бериш ва прописка қилиш бўйича низом тасдиқланди

Хориждаги ватандошларга виза бериш ва прописка қилиш бўйича низом тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш ва кўп марталик кириш визаларини бериш хамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ватандошларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун таклиф қилувчи доимий истиқомат қиладиган жойидаги МваФР бўлинмасига мурожаат қилиши ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

- белгиланган намунадаги 2 нусхада ариза-анкета;
- таклиф қилувчининг паспорти (нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);
- ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;
- таклиф қилувчининг ватандош билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);
- агар ватандош Ўзбекистон Республикасига оила аъзолари билан биргаликда келиш ниятида бўлса, уларнинг ҳар бирининг шахсини ва қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхалари;
- таклиф қилувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамли икки дона фотосурати;
- давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

МваФР бўлинмаси уч иш куни мобайнида ариза-анкетани ва тақдим этилган бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади, ватандошнинг таклиф қилувчига қариндошлик даражасини ўрганиб чиқади ҳамда ватандошлар ва таклиф қилувчининг шахсини ички ишлар органларидаги мавжуд маълумотлар базаси бўйича текширади.

Ариза-анкета ўрганиб чиқилгач, агар ватандошнинг Ўзбекистон Республикасига келишига ички ишлар органларида тўсқинлик қилувчи маълумотлар аниқланмаса, ариза-анкетанинг бир нусхасини келишиш учун ваколатли органга юборилади.

Ваколатли орган билан келишилганидан ва ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг мувофиқ шаклидаги таклифнома тўлдирилиб МваФРБ бўлинмаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади, гербли муҳр билан тасдиқланади ва бевосита таклиф қилувчига ёки унинг ишончли вакилига берилади.

Ватандошларни таклиф қилиш ҳақидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги лозим.

Таклифнома берилган кундан бошлаб уч ой давомида амал қилади. Таклиф қилувчи ушбу муддат мобайнида таклифномани Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига кириш визаларини расмийлаштириш учун тақдим этади.

Ватандошларнинг Ўзбекистон Республикасига кўп марталик кириш визалари Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасалари томонидан, бундай консуллик муассасалари мавжуд бўлмаган тақдирда эса - халқаро мақомга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси аэропортларидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан берилади.

Ватандошларга кўп марталик кириш визаларини расмийлаштириш учун таклиф этувчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиб қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- белгиланган шаклда виза талаби;
- e-visa.mfa.uz сайти орқали олинган электрон анкета;
- МваФР бўлинмаси томонидан берилган таклифнома;
- таклиф қилинувчи ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;
- таклиф қилувчининг паспорти нусхаси;
- кириш визалари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олиниши мўлжалланган ҳолатларда - авиачипта ёки бронь нусхалари;
- давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Тақдим этилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари томонидан кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги керак.

Мурожаат ижобий ҳал этилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари томонидан амал қилиш муддати икки йил бўлган кўп марталик “VTD” турдаги кириш визаси расмийлаштирилади.

Бунда визанинг амал қилиш муддати таклиф қилинаётган шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.

Ватандошларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча прописка қилиш тартиби ва барча масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида” 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2012 йил 16 февралдаги 41-сон, “Ўзбекистон Республикаси президентининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 августдаги ПҚ-3924-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2018 йил 22 октябрдаги 845-сон қарорлари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ватандошлар ўз хоҳишларига кўра меҳмонхона, даволаш муассасалари, санаторий ва дам олиш уйларида ҳисобдан ўтган ҳолда вақтинча бўлишлари ёки турган жойларида вақтинчалик пропискадан ўтиб ҳудудий ички ишлар органларида ҳисобда туриб хусусий уй-жойларда яшашлари мумкин.

Хусусий уй-жойда яшаш истагини билдирган ватандошларни вақтинча пропискадан ўтказиш учун таклиф қилувчи ўзи яшаб турган жойдаги МваФР бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- белгиланган шаклда ариза;
- ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси (Ўзбекистон Республикаси билан визасиз режими ўрнатилган МДҲга аъзо давлатлар бундан мустасно);
- визасиз режими ўрнатилган МДҲга аъзо давлатлардан келган ватандошларнинг таклиф қилувчи билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар нусхаси олиниб асли қайтариб берилади);
- уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг вақтинча турар жой майдони беришга розилиги тўғрисидаги аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси - агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;
- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

МваФР бўлинмаси вақтинча пропискага топширилган ватандошларнинг ҳужжатлари ҳақиқийлигини, ўз вақтида топширилганлигини, аризадаги биографик ва виза маълумотларининг тўғри ёзилганлигини текшириши лозим.

Барча текширишлар тугаганидан сўнг икки иш кунида МваФР бўлинмаси икки йил муддатга вақтинча пропискани расмийлаштиради.
Бунда вақтинча прописка муддати шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва виза муддатидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Хориждаги ватандошларга виза бериш ва прописка қилиш бўйича низом тасдиқланди