17:38 / 26.05.2019
3 397

Қашқадарёда дераза ва эшиклари йўқ, таъмирталаб мактаб биносида дарс ўтилган

Қашқадарёда дераза ва эшиклари йўқ, таъмирталаб мактаб биносида дарс ўтилган
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабида синфхоналар етишмаслиги сабабли мактаб ўқувчилари «снос»га тушган эски бинода бир неча йилдан бери таҳсил олмоқда. Бу ҳақда мактабни бориб ўрганган «Nasafnews» мухбири маълум қилди.

Мухбиримизга кўра, 20-умумий ўрта таълим мактабида дарс жараёнлари икки навбатда олиб борилади. 11 та синфда ўқувчилар таҳсил олади.
Аммо хона етишмаслиги сабабли 3 та бошланғич синфга мактаб ҳудудида бўлмаган эски, хавфсизлиги таъминланмаган, яроқсиз ҳолга келиб қолган бинода таълим-тарбия берилади.

- Бу бино 1968 йил қурилган дейди,- Мактаб маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Ўроль Жўраев.
Халқ таълими бўлими, вилоятдан келган ишчи гуруҳ, ҳоким ҳам келиб ўрганиб кетишди. Аммо ҳеч нарса қилинмади. Фарзандингизни шундай бинода таълим олишини хоҳлармидингиз, албатта йўқ.

Чунки кўриб турганингиздек бу ерда ҳеч қандай шароит ҳам, имконият ҳам йўқ. Деразаларнинг ярмидан кўпи синиб кетган. Эшиклар ўрнатилмаган. Парта столларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолганидан айрим ўқувчиларимиз дарсга иштирок этишни исташмайди ҳам.

Маълум бўлишича, шу куни дарс бўлсада мактаб директори Зулайҳо Ярматова ўқувчиларнинг кўп қисмини ҳеч кимни огоҳлантирмасдан саёҳатга олиб кетган. Дарс жадвалига кўра маълум фанлар саёҳат туфайли ўз вақтида ўтилмаган.

– Бугун шанба куни. Дарсларимиз кам ўтилади. Шу боис, саёҳатни шу кунга мўлжаллаган эдик,-дейди Зулайҳо Ярматова.
Бу ҳақда туман халқ таълими бўлими билмаслиги мумкин, аммо туман ёшлар иттифоқи кўрсатмасига асосан саёҳатга борганмиз.

Қизиқ, ёшлар иттифоқининг қандай ваколати бор-ки, дарс куни ўқувчиларга саёҳат белгиласа, Халқ таълими бўлими эса бундан хабардор бўлмаса? Шунақаси ҳам бўлар эканда.

- Биласизки ички туризмни ривожлантириш томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Чироқчининг туман ёшлар иттифоқи кенгаши ички туризм бўйича маъсул ходим Миржалол Тўхтаев.

Менга Вилоят ёшлар иттифоқи кенгаши ва Қашқадарё вилоят ИИБ томонидан тасдиқланган рўйхат бор.
Туризмни ривожлантириш бўйича шу куни айнан мана шу мактаб директори саёҳатга чиқиши белгиланган. Қолгани менинг вазифамга кирмайди.

20-умумий ўрта таълим мактабида муаммолар гирдобида эканини сезиш қийин эмас. Биринчи навбатда ўқув-тарбия ишлари яхши ташкил этилмаган бўлса, кейин эса бу жараён учун етарли шароитлар ҳам яратилмаган.

Бундан Халқ таълими бўлимидан тортиб, Халқ таълими бошқармаси хабардор бўлса-да жим кузатишдан нарига ўтмаяпти.
Балки юқори турувчи мутасадди ташкилотлар муаммолар гирдобида турган мактаб тақдири билан қизиқиб кўришар!

Дилшод НАБИЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қашқадарёда дераза ва эшиклари йўқ, таъмирталаб мактаб биносида дарс ўтилган