13:25 / 18.05.2020
5 021

Озодбек Назарбеков ўзбек тили ҳақида гапирган Россия расмийсига жавоб қайтарди

Озодбек Назарбеков ўзбек тили ҳақида гапирган Россия расмийсига жавоб қайтарди
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Ўзбекистонда давлат тили бўйича ўрнатилаётган тартиблар ҳақида гапириб, «расмий идораларда ўзбек тилининг мажбурий қилинишини камчилик ёқлаётгани»га ишора қилганди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков бунга жавобан Facebook’даги расмий саҳифасида муносабат ёзиб қолдирди.

Сўзларимни яқин тарихдан бошламоқчиман. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов юрт мустақиллигини эълон қилганда, залда ўтирганларнинг аксарияти дўппи кийганди. Орадан ҳеч қанча ўтмай бошдан дўппиларни ечдик. Бу воқеани нега эсладик? Гап шундаки, биз мустамлака пайтида қадриятларимизни авайлашга кўпроқ уринардик. Чунки уларга очиқ таҳдид бор эди. Таҳдидлар кўтарилгач эса ушбу масалада хотиржамликка берилдик. Мумтоз мусиқамиз, урф-одатларимиз, миллий рақсларимиз-у, маданий меросимиз, атлас-у дўппиларимизни сақлаб қолдик, дея уларга эътиборимиз сусайди. Жумладан, миллатимиз кўзгуси бўлган тилимизга ҳам...

Куни кеча ОАВда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан ўзбек тилига дахлдор қонун лойиҳаси муҳокамага киритилишига доир муносабати эълон қилинди. Аввало, юртимизда ўзбеклар билан тинч-тотув яшаб келаётган кўп сонли рус миллати вакилларига, уларнинг тили ва маданиятига чуқур эҳтиромимни билдирган ҳолда бу борадаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Ва шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, шахсан мен маданият тарғиботчиси сифатида ўзбек тили устуворлигини таъминловчи қонун қабул қилиниши тарафдориман ва унга амал қилишга тайёрман.

Мен тил масаласининг миллатимиз орасида ҳар қанча муҳокама қилинишига қарши эмасман. Буни ёқлайман ҳам. Бу бизнинг ички ва фақатгина халқимизга хос масаламиз. Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунлариданоқ ташқи сиёсат борасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига қатъий амал қилиб келмоқда. Ўз навбатида ички сиёсатда ечим топиладиган масалаларда ўзига нисбатан ҳам худди шу тамойил қўлланилиши тарафдори.

Мария Захарованинг фикрлари, аввало, мана шу меъёр чегарасини ошиб ўтиш сифатида баҳоланади. Тилимизга нисбатан кўрсатилаётган таъсир маданиятимизга акс жавобнинг илк қадамидир. Бунга инсоният тарихида етарлича далиллар бор. Тил – ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай миллат учун энг бебаҳо қадриятдир. Қадриятини йўқотган миллат эса ўзлигини йўқотади. Собиқ шўролар даврида рус тили мақомини кўтариш мақсадида ўзбек тилини менсимаслик, уни йўқотишга бўлган уринишлар, афсуски, оз бўлса-да, самара берган. Ва ҳали-ҳануз биз унинг таъсиридан чиқиб кетолмаяпмиз.

Қайси тилда мулоқот қилиш, албатта, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи ва бу қонун билан ҳимояланган. Лекин давлат тили мақоми ҳақида сўз борар экан бу борадаги ҳар қандай қонунда фақат ва фақат ўзбек тилининг устуворлиги акс этиши шарт!

Захарова хонимнинг айтишича, рус тили филологиясини ўқитиш, русча таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади. Албатта, хорижий тилни ўрганишнинг фойдаси бўлса борки, зарари йўқ. Бироқ тил тўғрисидаги қонун лойиҳаси озчилик томонидан маъқулланган, деган фикрига қўшилмайман.

Ўзбек тили бу – Навоий бобомиз тили. Амир Темур, Бухорий каби улуғларимиз тили. У шунчалар мукаммалки, бунга ортиқча далил ва шарҳ шарт эмас. Рус тилининг адабий дурдоналари, Пушкин, Лермонтов, Толстойларнинг асарлари ўзбек тилига қанчалик маҳорат билан таржима қилинганини етук мутахассислар эътироф этишган. Рус тилида ишланган фильмларнинг ўзбекча талқинларига, ҳатто, рус ижодкорларининг ўзлари ҳам тан беришган. Мана шундай бой, жозибадор тилимиз турганда унга тенг қўйиладиган бошқа тилга не ҳожат?

Ўзбек тили ҳақида россиялик тилшунослар фикр билдиришганида тўғри қабул қиламиз, бироқ бу мавзу Ташқи ишлар вазирлиги минбарида тилга олингани бекорга эмас. Бу ерда аниқ режа ва сиёсий мақсадлар борлиги кундай равшан.

Мен юрт фарзанди сифатида тилимиздан қандайдир сиёсий манфаатлар йўлида фойдаланилишига мутлақо қаршиман. Россия ҳукуматидан эса ўзбек миллатининг хоҳиш-иродаси, қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни сўрайман. Ўзбекистон суверен-демократик давлат сифатида ўз йўлини ўзи белгилашга қодир мамлакат.

Бу масалада бошқа ҳамкасбларимизни, жамоатчиликни, ўзбек тилини ор-номус, миллий ғурур рамзи деб биладиган барчани бебаҳо қадриятимиз – тилимиз ҳимоясига чақираман.

Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон мадания вазири


Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов Мария Захарованинг мазкур баёнотига ўз муносабатларини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойининг охирларида Ўзбекистон Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган, унда давлат тилида иш юритмаган мансабдорлар жаримага тортилиши мумкинлиги белгиланганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Озодбек Назарбеков ўзбек тили ҳақида гапирган Россия расмийсига жавоб қайтарди