12:30 / 22.03.2021
2 881

Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари эълон қилинди

Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари эълон қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсад қилинган.

Белгиланишича:
  • Ички ишлар вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва уни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • Миллий гвардия биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.

Қоидалар Ўзбекистон ҳудудида оммавий тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардия бўлинмалари, шунингдек, бошқа давлат органларининг оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади.

Қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди.

Оммавий тадбирлар биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритилган объектларда ўтказилиши мумкин.

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари таклифлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Айрим оммавий тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказилиши мумкин.

Оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома асосида, оммавий тадбир дастурига мувофиқ оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ўтказилади.

Рухсатнома олгунга қадар оммавий тадбир ташкилотчиси ва бошқа шахслар оммавий ахборот воситаларида, интернетда оммавий тадбир ўтказилиши тўғрисида эълон бериш, реклама материалларини тарқатиш, оммавий тадбирни ўтказиш жойи, санаси ва вақти тўғрисидаги маълумотларни бошқа тарзда тарқатиш, чипталар сотилишини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбекистон президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган оммавий тадбирларни ўтказиш объектларида оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар олиш талаб қилинмайди.

Кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди.

Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара тўлови ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди.

Халқаро ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Вазирлар Маҳкамаси билан келишув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари ҳамда Миллий гвардия, унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарияти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан берилади.

Ўзбекистон ҳудудида «Наврўз», «Мустақиллик» ва «Янги йил» умумхалқ байрамларини ўтказиш бўйича президент, Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида ўтказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари эълон қилинди