06:00 / 03.08.2021
2 688

Биринчи августдан нималар ўзгарди?


Адлия вазирлиги 1 августдан мамлакат қонунчилигида нималар ўзгариши ҳақида маълумот тайёрлади.

1. Ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинади.
Ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:
  • ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
  • туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
2. Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланади.
Янги тартиб билан ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.

Ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

3. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.
Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди.

Спорт синовлари 15 турдаги машқлардан иборат бўлади. Иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади.

4. Хориждан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.
  • Ҳукумат қарори билан божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
  • тадбиркорга четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
  • маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади;
  • олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинади.
5. Давлат бошқаруви органларининг хизмат автотранспорт воситалари уларнинг раҳбарларига шахсан бириктирилади.
хизмат автотранспорт воситалари республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига бириктирилади;республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.Бундан ташқари, республика давлат бошқаруви органларида аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.Янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

6. Ҳудудлардаги нодавлат таълим ташкилотларининг бинони ижарага олиш харажатлари бир қисми қоплаб берилади.
2024 йил 1 январгача таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Ушбу тартиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган ва таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотларга татбиқ қилинмайди.

7. Мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади.
1 августдан давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти яратилади.

8. Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча ҳужжатларни ЯИДХП орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади.
ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилади:
  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
9. Ҳомиладор аёлларни комплекс кузатиш бўйича ягона тизим жорий этилади.
Ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратилади.
Перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритилади.
Шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатлар берилади.

10. Давлат харидлари соҳасида ўтказиладиган тендер натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш йўлга қўйилади.
Давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Биринчи августдан нималар ўзгарди?