23:55 / 04.08.2021
4 229

Президент янги қарор қабул қилди


Фото: Президент матбуот хизмати
Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчилик санъати сир-асрорларини оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида:
  • Республикада гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Гул етиштирувчилар уюшмасига:
  • тадбиркорлик субъектларини гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шу жумладан, хорижий давлатларда ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
  • гулчилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
  • хорижий давлатлардан экспортбоп гул навларини парваришлаш учун олиб келиш ва уларни маҳаллийлаштириш, шунингдек, парваришланган гулларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатади.
Гулчиликка ихтисослашган туманларда гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга деҳқон хўжалигини юритиш мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибида ажратилади.

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади;

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга очиқ майдонда ҳамда иссиқхоналарда гул етиштириш бўйича агротехник тадбирларни ўргатиш мақсадида Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида ҳар бирининг майдони 2 сотих бўлган 25 та «Гулчилик ўқув полигон»ларини ташкил этиш учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ўрнатилган тартибга мувофиқ 2021-2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

2023 йил 1 январга қадар туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан, вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархиши (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўяди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент янги қарор қабул қилди