13:19 / 01.10.2022
2 486

«Автомактабларда ўқиш муддати нега узайтирилди?.. » – мутахассис жавоби

«Автомактабларда ўқиш муддати нега узайтирилди?.. » – мутахассис жавоби
Сўнги вақтларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш билан боғлиқ катта ўзгаришлар содир бўлди. Бу эса жамоатчилик фаоллари ўртасида турли баҳс-мунозараларга – танқид ва қўлловларга сабаб бўлгани ҳам рост.

Хabar.uz мазкур ўзгаришлар борасида изоҳ ва фикр олиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис, автоблогер Абдулазиз Обиджоновни суҳбатга тортди.

– Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш муддати 6 ой қилиб белгилангани қанчалик ҳақиқатга яқин?

– Бу ҳозирда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзу. Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори ва амалдаги 408-сонли қарорга ўзгартириш киритилди. Аввалги қарорда ҳафтасига ўқув юкламаси 36 соат этиб белгиланган эди. Қарор билан бу 20 соатга қисқатирилди. Автомактабларда аввал 5 кунлик ўқиш бўлган бўлса, энди 3 кун дарс бўлади. Бундай қарорга келинишининг асосий сабаби шундаки, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга кўпроқ 18-35 ёшгача бўлган фуқаролар қизиқиш билдирмоқда. Ҳайдовчиликка номзод олий ўқув юртида таҳсил олади ёки ишлайди. Шулардан келиб чиқиб ҳам бу қарор ишлаб чиқилди.

– «B» тоифа учун ўқиш муддати қанча этиб белгиланди?

– Енгил автомобиль ҳайдовчилари учун ўқиш муддати 4 ой 20 кун этиб белгиланди. Автомактаб ўз имкониятидан келиб чиқиб, бу муддатни ўзгартириши ҳам мумкин. Аммо янги тартиб бўйича минимал ўқиш муддати 4 ойни ташкил этади.

– Ўқиш муддатининг узайтирилиши ўқиш нархига таъсир кўрсатадими?

– Янги йўл ҳаракати қоидалари бўйича автомактабдаги барча ўқув машиналарини GPS қурилмаси билан жиҳозлаш лозим бўлади. Бу ўқувчи белгиланган масофани босиб ўтаётганини аниқлаб беради. Иккинчидан, автомактаблардаги педагог кадрлар олий маълумотли бўлиши кераклиги белгилаб қўйилди. Учинчидан эса ўргатувчи автотранспорт соҳасини тугатган ўрта ёки олий маълумотли бўлиши лозимлиги қатъий белгиланди. Қанча талаб кучайгани сари ўз-ўзидан нархга таъсир қилади.

– Ҳозирги кунда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон икки хил тарзда топширилмоқда. Бу албатта, қўшимча харажат дегани. Шуни бир тизимга солишнинг имкони йўқми?

– Амалий имтиҳоннинг ҳам назарийнинг ҳам ўз ўрни бор. Хорижий давлатларда ҳам иккаласидан имтиҳон топширади. Назарий билимга эга бўлган ҳайдовчи чорраҳалар, йўлларнинг кўриниши, кенглигини билган ҳолда ҳаракатланади. Амалий имтиҳонсиз эса автоҳалокатлар сони ортади. Инсон омилини камайтириш мақсадида автоматлаштирилган имтиҳон марказлари пайдо бўлмоқда. Яхши билим ва кўникмага эга бўлган ҳайдовчи имтиҳондан ўтишда қийинчиликка учрамайди.

– Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби ўзгаргандан кейин коррупция ҳолатлари камайдими?

– Янги тартиб жорий қилингандан кейин гувоҳнома олишга талабгорлар сони камайди. Имтиҳондан ўтиш қийин бўлгани учун ҳавасга ёки мақтаниш мақсадида ўқийдиганлар ўз-ўзидан йўқолиб бормоқда. Ҳайдовчилик гувоҳномаси зарур, ўзига ишончи юқори бўлганлар билим олишга келмоқда. Бундан келиб чиқадики, савияли ҳайдовчилар сони ортмоқда.

Амира МУРОДОВА суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » «Автомактабларда ўқиш муддати нега узайтирилди?.. » – мутахассис жавоби