19:23 / 27.10.2022
1 841

UzAuto ва General Motors International ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишга келишиб олди

UzAuto ва General Motors International ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишга келишиб олди
General Motors International компанияси президенти Шилпан Амин бошчилигидаги делегация Асакадаги UzAuto Motors заводига ташриф буюрди. UzAuto компаниясининг General Motors билан кўп йиллик ҳамкорлиги ривожланишнинг янги босқичига ўтди – General Motors раҳбарияти билан UzAuto Motors келажаги учун муҳим бўлган стратегик келишувлар муҳокама қилинди, натижада ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор шартномалар имзоланди.

General Motors делегациясининг UzAuto жамоаси билан учрашувида компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва ишлаб чиқариш географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, суҳбат чоғида Қозоғистон ва Озарбайжонда Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида «O’zavtosanoat» АЖ ва UzAuto Motors General Motors билан ишлаб чиқариладиган автомобиллар линиясини янгилаш, заводлар қувватини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қатор шартномаларни имзолади.

Хусусан, 2023 йилда автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага етказиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун янги моделлар ишлаб чиқаришдан ташқари, «Cobalt» ва «Damas» автомобилларининг ҳар бирини ишлаб чиқариш қувватини 150 минг донагача оширишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, томонлар UzAuto Motors’ни МДҲ давлатлари орасида автомобил ишлаб чиқариш бўйича етакчига айлантириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги, шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон билан автомобилларни кичик тармоқда ишлаб чиқаришни (CKD) муваффақиятли ташкил этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, белгиланган мақсадларга эришиш учун General Motors компанияси бутловчи қисмларни узлуксиз етказиб беришда қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. General Motors билан биргаликда UzAuto Motors заводи ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширади, узоқ муддатли истиқболда у 1 миллион дона автомобилни ташкил этади.

Ташриф дастуридан, шунингдек, заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништириш ҳам жой олди. Таништириш доирасида жаноб Шилпан Аминга Chevrolet Tracker ва Onix автомобилларини ишлаб чиқариш линиялари ҳамда уларни ишлаб чиқаришга оид режалар тақдим қилинди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto ва General Motors International ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишга келишиб олди