UzAuto Motors ҳеч қандай тушунтиришсиз Chevrolet Onix ва Tracker учун шартномалар беришни тўхтатди, дея хабар қилмоқда “Autostrada.uz” нашри.
Cobalt ва Lacetti сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш тўхтаганидан олти ой ўтиб, нархи 200 миллион сўмдан юқори бўлган Onix ва Tracker’га шартнома бериш ҳам тўхтаган. Нашрга кўра, ҳозирда компаниядан сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон автомобиль — 420 миллион сўмлик Malibu.
“Одатда шартномалар чиқаришни тугатиш инвентаризация ва кейинчалик нархларнинг ошиши вақтида содир бўлади. Охирги 5 йил ичида UzAuto Motors турли баҳоналар билан нархларни оширишдан аввал автомобиллар савдосини тўхтатган”, – дейилади хабарда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram’даги каналида ўзбекистонликлар автомобиль сотиб олишнинг ягона вариантидан ҳам мосуво бўлганини ёзди.
“Энди нафақат кам даромадли ва ўртадан паст, балки, ўрта ва ўртадан юқори даромад эгалари бўлган ўзбекистонликлар ҳам автомобиль сотиб олишнинг танловсиз, ягона вариантидан мосуво бўлишди. Ҳукумат айнан кам бюджетли ва ўрта бюджетли автомобиллар учун жуда юқори бож тўловлари ва чекловларини белгилаган. Қизиғи, ўзбекистонлик истеъмолчиларга тупуриб қўйган монополист UzAuto Motors эркин бозорлар ҳисобланган Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжонда янги ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этмоқда ва кенгайтирмоқда. Ўзбекистонликларга йўқ мошин, саналган давлатлар харидорлари учун бор ва бемалол”, – дея қайд этган иқтисодчи.
Аввалроқ Nexia-3 автомобилини ишлаб чиқариш март ойида ҳам давом этгани, бироқ мазкур русумдаги машинага шартнома тузиш ярим йил илгари тўхтатилгани хабар қилинганди.
UzAuto Motors 2022 йил якунида Spark ва Nexia ишлаб чиқариш тўхтатилишини, уларнинг ўрнини Chevrolet Tracker ҳамда Onix эгаллашини хабар қилганди. Бироқ янги русумдаги автомобиллар савдоси узоққа чўзилмагани айтилмоқда. Ҳозирча компания вазият бўйича расмий тушунтириш бермади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг