Ишлаб чиқарилаётган Cobalt, Lacetti, Damas, Nexia автомобиллари қаерга “кетаётгани” маълум қилинди
UzAutoMotors ярим йил илгари сотуви тўхтаган автомобилларни ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Компания январь—апрель ойларида салкам 70 минг дона Cobalt, Lacetti, Damas, Nexia ишлаб чиқарган. Бироқ мазкур автомобиллар сотувда мавжуд эмас ва шартномалар қачон қайта тикланиши ҳам ноаниқ.
Статистика агентлиги хабарига кўра, UzAutoMotors жорий йилнинг январь—апрель ойларида 27 739 дона Cobalt, 20 673 дона Lacetti, 19 052 дона Damas, 1 985 дона Nexia Т-250 ишлаб чиқарган.
2022 йилда ҳам, 2023 йил дастлабки 4 ойида ҳам энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль Cobalt бўлиб қолмоқда.
Компания вакили “Дарё” мухбири билан суҳбатда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар қаерга “кетаётгани” тўғрисида маълумот берди.
“Ишлаб чиқарилаётган автомобиллар эски тузилган шартномалар бўйича етказиб берилмоқда. Навбатлар камайгач, сотув шартномалари қайта тикланади”, — дейди манба.
2022 йил 17 декабрда Cobalt, Lacetti, Damas автомобиллари сотуви тўхтатилганди. Компания 2023 йилдан Spark ва Nexia ўрнига Tracker ва Onix ишлаб чиқаришини маълум қилган. Ҳозирда Tracker ва Onix сотувда мавжуд. Аммо нархи 200 миллион сўмдан юқори бўлган бу автомобиллар учун навбат катта бўлиб, тўлов қилган мижоз машинасини олишни 1—1,5 йил кутишига тўғри келади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг