Остона шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасидаги ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар ушрашув давомида икки давлат президентларининг 2022 йил декабрь ойида бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар, инвестиция келишувлари ва савдо шартномаларини кўриб чиққан.
Хусусан, Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятида Chevrolet Onix автомобилларини кичик ҳажмда йиғиш ишлари йўлга қўйилади. Лойиҳа 2024 йилнинг биринчи чорагида «СарыаркаАвтоПром» заводи негизида ишга туширилиши режалаштирилган. Шартномалар тузилиб, пайвандлаш, бўяш, йиғиш цехлари учун ускуналар ишлаб чиқариш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Чимкент ва Туркистон вилоятида тўқимачилик мажмуаларини қуриш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2023 йил апрель ойида «Жанассил» заводида ўзбек пахта чигитини тажриба тариқасида экиш ва кейинчалик қайта ишлаш бўйича келишувга эришган. Айни пайтда вилоятда 30 гектар майдонга янги «Наманган – 77» чигити экилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг