Яқин кунларда Ўзбекистонда Captiva-5 сотувлари бошланиши мумкин. UzAuto расмий вакилининг маълум қилишича, айни пайтда синов жараёни ўтказилмоқда. Нархларни сотувлар бошланишидан олдин эълон қилиш режалаштирилган.
UzAuto Motors'нинг илк оммавий акциялари сотувида андеррайтер вазифасини бажарган Freedom Broker ҳисоботида ҳам компания режаларида 2023 йилдан Captiva импортини бошлаш кўзда тутилгани келтириб ўтилганди.
Ҳозирда UzAuto Motors дилерлик марказларидан фақатгина Onix ва Tracker-2 каби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган моделлар, шунингдек, Malibu-2, Equinox, Traverse, Tahoe-2 каби импорт автомобилларига шартнома олиш мумкин.
Chevrolet Captiva автомобили мамлакат бозорига бундан 16 йил олдин кириб келган. Илк бор автомобилни йирик тармоқли йиғиш 2007 йилнинг октябр ойидан бошланган. 2011 йилнинг сентябр ва 2017 йилнинг феврал ойларида автомобилнинг янгиланган модели чиқарилган. 2018 йилнинг кузидан бошлаб кроссовер сотувдан олиб ташланганди.
Кейинчалик, 2021 йилнинг кузида UzAuto Motors Chevrolet Captiva сотуви қайта тикланганини эълон қилди ва бир қанча истеъмолчилар билан шартномалар тузганди. Лекин маълум муддат ўтганидан кейин бу жараён тўхтатилди. Сабаб сифатида эса Captiva-5'нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги айтилганди. Ўша пайтда мазкур автомобил 221 млн 691 минг сўмдан 309 млн 900 минг сўмгача нархда сотувга чиқарилиши хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors Captiva-5 автомобиллари сотувини 2021 йил ноябрда тўхтатганди. Бунга сабаб сифатида дунёда яримўтказгич микрочип инқирози юза бераётгани келтирилган. Компания ўша йилнинг сентябри якунида янгиланган Chevrolet Captiva сотуви бошланганини эълон қилганди. Мазкур русумдаги автомобиллар нархлари қуйидагича бўлган:
- бошланғич LT комплектация — 192 775 000 сўм;
- LT комплектация 5 ўринли —238 086 957 сўм;
- LT комплектация 7 ўринли — 244 782 609 сўм ;
- Premier комплектация 7 ўринли — 269 478 261 сўм.
Компания хабарида ушбу нархлар ҚҚСсиз кўрсатилган. UzAutoSavdo тизимида эса ҚҚС билан қўшиб ҳисоблаганда, Premier комплектация 309 900 000 сўмдан, LT 7 эса 281 500 000 сўмдан бошланиши қайд этилган, бошланғич LT ва LT 5 комплектациялари нархлари эса келтирилмаган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг