Компаниянинг серияли тарзда ишлаб чиқарилган ягона модели Nevera гиперкарида ўрнатилган рекорд — ортга ҳаракатланиш билан боғлиқ.
1914 от кучига эга 4 та мустақил электромотор билан жиҳозланган Nevera соатига 275,74 км тезликда ортга ҳаракатланди ва дунё рекордини ўрнатди. Натижа дарҳол Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олди.
Рекорд Германиядаги Automotive Testing Papenburg тажриба полигонида қўйилди. Невера май ойида айни шу ерда тезлик билан боғлиқ 23 та жаҳон рекордини қайд этганди.
Компания вакили ортга юқори тезликда ҳаракатланиш бўйича рекорд ўрнатиш ғояси автомобилни ишлаб чиқиш жараёнидаёқ мавжуд бўлганини таъкидлади.
Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олган бу борадаги аввалги рекорд 2001 йилда ўрнатилганди. Ўшанда Caterham 7 Fireblade спорткари соатига 165 км тезлик билан ортга ҳаракатлана олганди.
Rimac Nevera жорий йилда серияли ишлаб чиқарилаётган электромобиллар орасида энг тезкор номини қўлга киритганди. Нюрбургрингдаги автодромда Nevera финиш чизиғини Tesla Model S Plaid лифтбекини 20 сонияга ортда қолдирган ҳолда босиб ўтганди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг