Ўзбекистон ҳукумати 2023 йил 15 августдаги қарори билан, импорт қилинган автомобилларни фақат ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий дилери томонидан сотилишига оид талабни бекор қилган ва бу автомобил бозорида рақобат муҳитини яхшилашда муҳим қадам деб баҳоланган эди. Маълум бўлишича, орадан ярим йил ўтмай, бу тартибни тиклаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудига енгил автомобиллар олиб киришни ва уларнинг мувофиқлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тарқалди. Лойиҳа project.gov.uz порталига идоралараро келишув учун жойлангани айтилмоқда.
Лойиҳада янги импорт автотранспорт воситалари фақат юридик шахслар – ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сервис марказларини ташкил этиш шарти билан сотилиши назарда тутилган.
Шунингдек, бир йилда 50 донадан кўп электромобил сотган тадбиркорлик субъектларига уларни қувватлаш станциясини ташкил этиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш мажбурияти юклатилиши мумкин.
Қарор лойиҳасига кўра, жисмоний шахслар томонидан 1 йилда 1 марта ўз эҳтиёжи учун, ўз номига расмийлаштирилган ҳолда олиб кириладиган транспорт воситалари мажбурий сертификатлашган озод этилади.
Айни пайтда, жисмоний шахслар томонидан автотранспорт воситаларини тижорат мақсадида республикага олиб кириш тақиқланиши мумкин. Жисмоний шахс транспорт воситасини олиб кираётганида тижорий мақсадни кўзлаганига қандай баҳо берилишига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, давлат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган, республика ҳудудида сотиш учун мўлжалланмаган транспорт воситаларини ҳам мажбурий сертификатлашдан озод этиш таклиф этилмоқда. Бунда, жисмоний шахслардан фарқли ўлароқ, корхоналарга сертификатлашдан озод этиладиган импорт транспорт воситалари сони бўйича чеклов белгиланмаган.
Республика ҳудудига тижорат мақсадларида олиб кириладиган транспорт воситалари, электробус ва элетромобилларга хорижий давлатларининг мавжуд сертификатлари ёки аккредитацияланган лабораториялари томонидан тақдим этилган синов баённомалари асосида ҳамда Ўзбекистон Республикасида аккредитацияланган лабораторияларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, транспорт воситасининг турини маъқуллаш ҳужжатларини расмийлаштиришга рухсат берилиши мумкин.
Давлат реестрига киритилган транспорт воситасининг турини маъқуллаш ҳужжатлари асосида, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эхтиёжи учун 1 календар йилида республика ҳудудига 1 дона такроран олиб кирилган (импорт) шу турдаги транспорт воситалари қайта синовдан ўтказилмасдан ва сертификатлаштирмасдан, эркин муомалага чиқарилиши кўзда тутилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг