date

Ҳукумат ҳайдовчилар учун янги жарима тизимини жорий этмоқда

Ҳукумат ҳайдовчилар учун янги жарима тизимини жорий этмоқда

2026 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида муҳим ўзгариш кучга киради — эндиликда радар ва камералар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчиларга махсус жарима баллари ёзилади. Бу тўғрида Ҳукуматнинг янги қарорида белгиланган бўлиб, тизим йўлларда интизомни кучайтириш ва транспорт бахтсиз ҳодисаларини қисқартиришни мақсад қилади.

Янги тартибга кўра, жарима баллари фақат ҳайдовчининг эмас, балки транспорт воситасининг ҳақиқий фойдаланувчиси ёки ишончнома асосида уни бошқараётган шахс ҳисобига ҳам ёзилиши мумкин бўлади.

Бунинг учун транспорт воситаси эгаси махсус ахборот тизимида шахсий кабинет очиши шарт бўлади. У ўз автомашинасини бошқариш ҳуқуқини бошқа шахсга беришдан олдин, унинг маълумотларини тизим орқали киритиши лозим. Кейин эса кўрсатилган шахс мазкур маълумотни шахсий кабинети орқали тасдиқлаши керак бўлади.

Агар ҳайдовчи буни тасдиқламаса, жарима баллари тўғридан-тўғри транспорт воситаси эгасига ёзилади. Шу билан бирга, агар эгаси ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаса, транспорт воситаси 12 балл чегарасидан ошиб кетганда вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилади.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарима балл тизими 2025 йил 1 июнидан амалга киритилганди. Ҳозирча бу тизим фақат ЙҲХ инспекторлари томонидан қўл режимида аниқланган қоидабузарликларга нисбатан амал қилмоқда. Янги қарор эса, автоматик фото ва видео тизимлар орқали қайд этилган ҳолатларни ҳам қамраб олади.

Мавжуд тизимда жами йигирмага яқин қоидабузарлик турлари учун 0,2 дан 2 баллгача баҳолаш белгиланган. Масалан, тезликни соатига 20 км гача ошириб юбориш — 0,5 балл, йўл белгиларига бўйсунмаслик — 1 балл, пиёдалар йўлагида тўхташ эса 2 баллга тенг.

Бир йил ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Ҳукумат қароридан келиб чиқиб, 2025 йил охирига қадар жарима балллар сабаб ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахсларни қайта имтиҳон қилишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилиши ҳам режалаштирилган. Бу жараён автоматлаштирилган тизим орқали кузатиб борилади.

Янги тизим нафақат интизомни ошириш, балки йўлда масъулият ҳиссини кучайтиришга ҳам хизмат қилади, деган умид бор. Чунки келгуси йилдан бошлаб радарлар ҳайдовчиларнинг нафақат тезлик, балки қонунга муносабатини ҳам баҳолай бошлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Авто » Ҳукумат ҳайдовчилар учун янги жарима тизимини жорий этмоқда