Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларга турли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги навбатдаги амалий қадам бўлди, деб ёзади ЎзА.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ ушбу янгилик ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йил 8 ноябрдаги Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқликни таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида тайёрланган. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида ўзбек тилида ёзилган.
Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади, қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.
Янги нусхадаги гувоҳномада А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари бўлади. Яъни Е тоифаси учга бўлинди. Бунда ВЕ- А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ- Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ- йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.
Инсоннинг ташқи кўриниши ўзгариши инобатга олиниб, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.
Қарорда амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштириш муддатлари ҳам кўрсатилган. Унга кўра, фуқаролар 2017 йил 1 октябрдан 2018 йилнинг 31 декабригача эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда алмаштириб берилади.
2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари, берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда янгисига алмаштирилади. 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади. Бундай гувоҳномалар билан автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомототранспорт воситаларини бошқариш сифатида баҳоланиб, ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чора кўрилади.
Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва амалдагиларини қай тартибда алмаштириш тартиби барчани қизиқтириши табиий. Ушбу янги ҳужжат жорий йилнинг 1 октябридан ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганларга назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтганидан сўнг берила бошланади. Бирор сабаб билан эскирган, яроқсиз ҳолга келиб қолган, йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони янгисига йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида ҳайдовчилар томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг алмаштириб берилади.
Эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини алмаштириш учун ҳайдовчилар ўқув ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги имтиҳон варақасини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, тиббий кўрик маълумотномасини, тўлов чиптасини, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини ёки ишончномани ва шахсий паспорти, корхона ёки ташкилотларда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар иш жойларидан маълумотномани тақдим этишлари лозим.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланди. Бу гувоҳноманинг ўлчами ҳам 54х86 миллиметр бўлиб, пластикдан тайёрланади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш ишлари 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳайдовчилар автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишга тақдим этганларида эски намунадаги автомототранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари янгисига алмаштириб берилади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги эски намунадаги гувоҳномалар ҳам 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Янги нусхадаги пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда, автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талон ҳам жорий этилди. Кўрик натижаси ана шу талонда акс этади.
Мухтасар айтганда, жорий этилаётган мазкур янгиликлар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Манба: www.Kun.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди